Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда техникум ўқитувчиларининг малакасини ошириш тизими янгича асосда ташкил этилмоқда. Президентнинг қарорига мувофиқ, ўқитувчилар малакасини оширишнинг аниқ тартиби белгиланди.
Қарорга кўра, умумтаълим фанлари ўқитувчилари А. Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти ҳамда ҳудудий педагогик маҳорат марказларида ўқитилади. Махсус фанлар ўқитувчилари эса етакчи олий таълим муассасаларида малакасини оширади. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш таълими усталари ҳудудий илғор касбий маҳорат техникумларида ва соҳавий малака ошириш ташкилотларида тажриба алмашадилар.
Ҳар йили малака ошириш жараёнида юқори натижа кўрсатган 50 нафар ўқитувчи — ишлаб чиқариш таълими усталари, умумтаълим ва махсус фан ўқитувчилари хорижий давлатларга малака ошириш учун юборилади.
Бу ташаббус ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, замонавий таълим стандартларини амалиётга жорий этиш ва таълим тизимида халқаро тажрибани кенг қўллашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024/2025 ўқув йили маълумотларига кўра, Ўзбекистон мактабларида қарийб 565 минг нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич сўнгги ўн йилга нисбатан 43,4 фоизга кўп.

Изоҳлар мавжуд емас