Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент томонидан 2026 йил 11 апрелда қабул қилинган қарор билан Тошкент давлат аграр университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича янги босқич бошланди. Мазкур ҳужжат қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини замон талабларига мослаштириш ва таълим сифатини халқаро даражага олиб чиқишни назарда тутади.
Қарорга кўра, 2030 йилга қадар университетни дунёнинг энг нуфузли топ-500 олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш мақсад қилинган. Илмий ишланмаларни сотиш (тижоратлаштириш) орқали топиладиган даромадларни 3 бараварга ошириш ва халқаро аккредитациядан ўтган дастурлар сонини 4 бараварга кўпайтириш ҳам кўзда тутилган.
Шу боис 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб аграр таълим йўналишларида ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланган. Бунда асосий урғу амалиётга қаратилади.
Хусусан, 1-курсда назария 60 фоиз, амалиёт 40 фоиз, 2-курсда назария 50 фоиз, амалиёт 50 фоиз, 3-курсда эса назария 30 фоиз, амалиёт 70 фоиз этиб режалаштирилган.
Талабаларнинг иш берувчилар талабига тўлиқ мос келишини таъминлаш учун юқори курсларда 4 ойлик узлуксиз дуал таълим тизими йўлга қўйилади. Бу жараёнда талабалар назарий таълимдан ажралган ҳолда бевосита ишлаб чиқариш ва кластерларда ўз кўникмаларини мустаҳкамлайдилар.
Бу ислоҳотлар аграр соҳада нафақат назарий билимга эга бўлган, балки замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини амалда қўллай оладиган мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
Аввалроқ Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги президентнинг 10 апрелдаги фармонига мувофиқ таъсир доирасини сезиларли даражада кенгайтираётгани ҳақида хабар берган эдик. Қабул бўйича давлат комиссиясининг асосий вазифалари, жумладан, бакалавриат ва магистратурага ўқишга тавсия этилган абитуриентларнинг якуний рўйхатларини тасдиқлаш, контракт тўловларини амалга ошириш муддатларини белгилаш каби вазифалар ушбу идорага ўтказилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас