Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Республика Бош прокурорининг ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги иссиқхона хўжаликлари фаолиятини текширмоқда. Рейдларда экология хизмати, ҳокимлик, санитария хизмати ҳамда ФВВ вакиллари иштирок этмоқда.

Маълумки, совуқ мавсуми бошланиши билан пойтахтда ҳаво сифати сезиларли даражада ёмонлашади. Бу ҳолат асосан шаҳар ва унга яқин ҳудудлардаги иссиқхоналарнинг фаолияти билан боғлиқ.
Ўтган йили ҳам шундай тадбирлар ўтказилиб, бир қатор иссиқхона хўжаликларининг ноқонуний фаолияти тўхтатилган эди.

Ҳозирги рейдлар атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш, экологик ва санитария меъёрларига риоя этилишини таъминлаш, қоидабузарларга нисбатан чора кўриш ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, экологик рейдларда 2025 йилнинг январь–август ойларида ишчи гуруҳлар томонидан 1452 та объект текширилиб, 174 та тунги рейд ўтказилган ва 281 та қоидабузарлик ҳолати аниқланган. Натижада 154 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган, 20 та объект фаолиятини вақтинча тўхтатиш бўйича даъво аризалари киритилган ҳамда 179 та қонунбузилиш ҳолати бартараф этилган. Шунингдек, шаҳарда 11 та замонавий қозон, 19 та фильтр ва 12 та чанг тозалаш ускунаси ўрнатилган.

Изоҳлар мавжуд емас