Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Чиноркент – Юсуфхона – Чимён – Амирсой" йўналиши бўйича янги йўловчи ташиш тизими жорий этилиб, бунинг учун 20 та янги Ford микроавтобуслари харид қилинди.
"Тошшаҳартрансхизмат" компанияси таркибидаги "Тошавтобустранс" жамияти парки замонавий транспорт воситалари билан бойитилган. Тоғли ҳудудларнинг мураккаб иқлим ва рельеф шароити инобатга олиниб, махсус синов қатновидан ўтган Ford микроавтобуслари хавфсизлик ва қулайлик бўйича энг мақбул деб топилган.
Бу янгилик нафақат маҳаллий аҳоли, балки ҳудудга ташриф буюрувчи кўплаб хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун ҳам транспорт қатновини сезиларли даражада осонлаштиради.
Лойиҳанинг асосий мақсади Тошкент вилоятидаги йирик рекреацион зоналар ўртасидаги транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва экотуризм салоҳиятини оширишдан иборат. Янги йўналиш тоғ йўлларига мослашган ишончли техника, сайёҳлар учун дам олиш масканларига тўғридан-тўғри етиб олиш имконияти, ҳудудлараро иқтисодий ва туристик алоқаларнинг кенгайиши каби афзалликларга эга.
Замонавий микроавтобуслар тез орада ўз йўналиши бўйича доимий фаолиятини бошлиши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Президент қарорига кўра, Тошкент шаҳрида транспорт тизимини ривожлантириш ва тирбандликларнинг олдини олиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган кенг кўламли режа тасдиқланганди. Асосий эътибор шаҳарда жамоат транспорти улушини кескин оширишга қаратилган.

Изоҳлар мавжуд емас