Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон пойтахтида Эрта таълим соҳасида минтақавий илмий-тадқиқот ва инновация маркази ташкил этилади. Бу Марказий Осиёда биринчи шундай марказ бўлади.
Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, ЮНИСЕФ ва "Fondazione Reggio Children" болалар жамғармаси ўртасида марказ ташкил этиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Янги марказ педагогларни касбий ривожлантириш соҳасидаги инновациялар билан шуғулланади, таълим соҳасидаги тадқиқотларга ва болаларга йўналтирилган сифатли таълимга кўмаклашади, шунингдек, бола ҳаётининг дастлабки йиллариданоқ танқидий фикрлаш, ижодий қобилиятлар ва ижтимоий-ҳиссий кўникмаларни ривожлантиради.
“ЮНИСЕФ ва "Reggio" болалар жамғармаси билан ҳамкорлик ўқитувчиларнинг касбий ривожланишини тизимли равишда кучайтириш, тадқиқотлар ўтказиш ва далиллар билан тасдиқланган амалиётларни тарқатиш имконини беради - бунда инклюзивлик, ўйин орқали ўқитиш ва ижтимоий-ҳиссий ривожланишга алоҳида эътибор қаратилади. Умид қиламизки, ушбу ташаббус минтақавий тажриба алмашиш платформасига айланади ҳамда Ўзбекистон ва унинг ташқарисида сезиларли натижалар беради", - деди Мактабгача таълим тизими фаолиятини мувофиқлаштириш департаменти директори Лола Бердиева.
Минтақавий марказ тадқиқот ёндашувига асосланган ва болага йўналтирилган бошланғич таълимнинг глобал стандартини қўллашдан манфаатдор бўлган Марказий Осиёдаги давлат ва хусусий мактабгача таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
Шунингдек, марказнинг иш режаларида Ўзбекистон ва ундан ташқаридаги 2,4 миллиондан ортиқ бола ва 174 минг педагогни қамраб оладиган таълим дастурларини жорий этиш кўзда тутилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда мактабгача таълим билан қамраб олинмаган алоҳида эҳтиёжли ва кам таъминланган оилалар фарзандларига мўлжалланган эрта ривожланиш марказлари иш бошлаши ҳақида хабар берилган эди. Бундай марказларга қатнаш бепул бўлади.
Изоҳлар мавжуд емас