Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Пойтахт ҳокимлиги ниҳоят транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш масаласига эътибор қаратиш ҳақида бонг ураётган жамоатчиликка қулоқ солмоқда.
Кеча Тошкент шаҳар ҳокимлигида Навоий кўчасини ўзгартириш масаласига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтган. Учрашув иштирокчиларига урбанистика ва транспорт соҳасида россиялик эксперт Аркадий Гершман жалб этилган ҳолда ишлаб чиқилган янги реконструкция лойиҳаси намойиш этилган. У Тошкент йўл-транспорт инфратузилмасининг одатий хатолари, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида гапириб берган.
Нотўғри мерос
"Тошкентнинг транспорт инфратузилмаси совет даврида шаклланган, шунинг учун у классик муаммолардан азият чекмоқда. Магистрал кўчалар шаҳарорти йўллар стандартларга мувофиқ қурилган. Натижада, оммавий автомобиллашиш бошланганда, улар нафақат транспорт юкини кўтара олмаган, балки авария ҳолатларига сабаб бўлмоқда", - деди Аркадий Гершман.
Экспертнинг сўзларига кўра, ушбу муаммолар чорраҳаларнинг ўтиш жойини торлаштириш ва қайтиш-бурилиш учун оролчалар, шунингдек хавфсизлик оролчалари ва пиёдалар ўтиш жойларини тартибга солиш орқали ҳал қилинади.
Хавфсиз ўтиш жойлари
Пиёда – йўл ҳарақатининг энг ҳимояланмаган иштирокчиси ҳисобланади. Аслида ҳар биримиз пиёда. Ҳатто автомобиль ҳайдовчиси ҳам автотураргоҳдан уйигача, ишига ёки дўконга пиёда юриши керак, деди Гершман.
"Хавфсиз инфратузилма ҳайдовчи ва пиёданинг хатоларини юмшатиш учун мўлжалланган. Масалан, энг муҳим қоида шундаки, пиёдалар ўтиш жойи одамлар кўп юрадиган жойларни ҳисобга олган ҳолда ва энг қисқа траектория бўйлаб қурилади. Бу даҳшатли бўлиши мумкин, аммо шундай қилинмаса, одамлар ўлаверади. Панжара каби элемент ҳам қутқармайди. Одамлар тизимни бузишга ҳаракат қилиб, унинг устидан ўтиб кетаверишади. Бундан на ҳайдовчилар, на пиёдалар наф кўради", - деди у.
Тошкентда ҳам, собиқ совет ҳудудидаги бошқа йирик шаҳарларда бўлгани каби яна бир муаммо бор. Гап ер усти ва ер ости пиёдалар ўтиш жойлари ҳақида кетмоқда. Улар одамлар учун, айниқса ҳаракатчанлиги чекланган одамларга катта муаммолар туғдиради. Бу ўтиш жойлари қиммат ва уларни ҳамма жойда ҳам қуриб бўлмайди.
"Бу шаҳар ташқарисида тезюрар трассаларда асқотадиган ечим. Одамларда минг йиллик эволюция давомида жуда оддий ёндашув шаклланган - биз энергияни тежашга ҳаракат қиламиз, шунинг учун энг қисқа ва энг оддий траектория бўйлаб юрамиз ", - дея таъкидлади эксперт.
Шу боис, учун бундай ўтиш жойлари ҳайдовчиларга хавфсиз туюлади. Улар бу ердан йўловчи ўтмайди ва бемалол ҳаракатланиш мумкин, деб ўйлашади. Иккита қарама-қарши фикрлаш тарзи аварияга сабаб бўлиб, салбий оқибатларга олиб келмоқда.
“Шу билан бирга, биз ҳаммамиз шаҳарнинг замонавий бўлишини истаймиз. Замонавий шаҳар ҳар ким тўлиқ ва мустақил равишда истисносиз фойдаланиши мумкин бўлган қулай муҳитни англатади. Ер усти ва ер ости пиёдалар ўтиш жойлари бу имкониятдан маҳрум қилади. Бу ерда ногиронлар ҳақида гап кетмаяпти. Агар ҳайдовчи оёғини синдирса, машинасини ишлата олмаса ва ҳаракатсиз бўлиб қолса, бу ҳолда унинг ҳаёт доираси сезиларли даражада тораяди. Битта ер усти ёки ер ости йўли шаҳардаги тўлақонли ҳаётдан узиб қўйиши мумкин", - деди Гершман.
Бошқа мамлакатлар бу муаммони турли йўллар билан ҳал этишга ҳаракат қилишган. Россияда одамларни жазолаш, тўсиқлар ва белгилар қўйиш ўрнига пиёдалар ўтиш жойларини қуриш афзал, деган хулоса қилинган. Мутахассиснинг таъкидлашича, Навоий кўчасидаги пиёдалар ўтиш жойлари масаласида ишчи гуруҳ энг хавфли жойлар - чорраҳаларга эътибор қаратган.
"Эҳтимол, улардан кўпроқ керакдир, бунинг учун янада чуқурроқ ўрганиш талаб этилади. Ушбу иш доирасида биз оддий қоидани мақсад қилдик: тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари фақат транспорт битта полоса бўйлаб ҳаракатланадиган жойларда керак. Бир нечта полосали жойларда светофорлар бўлиши лозим. Бу хавфсизлик масаласи", - дея таъкидлади Гершман.
Бундан ташқари, пиёдалар ўтиш жойлари турли рангларда ёритилади. Тунги пайтда улар пиёдалар ва ҳайдовчилар учун олдиндан ажратилади. Бу дунёнинг деярли барча ривожланган мамлакатларида қўлланиладиган оддий қоидадир.
Асфальт ётқизиш
Афсуски, сўнгги йилларда шаҳар ҳудуди транспорт тизимига айланиб қолган. Тошкент масаласида айрим майдонлар бир неча мавзени эгаллаган ва автомобилдан ташқаридаги одам уларни кесиб ўтиши жуда қийин.
Автомобиль эгалари учун бу жуда кўп муаммоларни келтириб чиқарадиган катта асфалть чўлдир. Қандай қилиб ва қаерга боришни тезда аниқлаб олиш керак, натижада тушунмовчиликлар ва тўқнашувлар пайдо бўлади. Шу билан бирга, асфальт майдонлари атроф-муҳитга ёмон таъсир қилади, ёзда улар шаҳарни қизиган идишга айлантиради.
Бундай асфальт майдонлари қайтиш-бурилиш учун оролчалар билан жиҳозланади. Йўналтирувчи оролчалар ёрдамида улкан транспорт майдонлари тушунарли ўлчамларгача қисқартирилади, чунки катта майдонни кесиб ўтиш ҳайдовчилар ва пиёдалардан кўп вақт талаб қилади. Шунинг учун катта транспорт кесишмалари трафикни ёмонлаштиради.
"Чорсу олдидаги чорраҳа- катта асфальт билан тўлдирилган катта майдон. Бу ерда ҳар-бир ҳаракат йўналиши йўналтирувчи оролчалар билан тартибга солинади. Хавфсизлик оролчалари ва светофорларни созлаш туфайли пиёдалар ўтиш жойини қайтаришга муваффақ бўлинди. У ерда ер ости ўтиш жойи бор, аммо бозор ва аравачалари бўлган одамлар кўплигини ҳисобга олсак, бу унчалик ҳам қулай эмас", - деди Гершман.
Бундан ташқари, экспертнинг фикрича, оролчалар молиявий нуқтаи назардан ҳам фойдалидир. Ҳар йили йўлни разметка қилиш кўп пул талаб қилади. У ўчади, ҳар доим ҳам кўринмайди. Жисмоний оролчаларнинг афзаллиги шундаки, улар қўшимча харажатларни талаб қилмасдан узоқ сақланади.
"Шу билан бирга, ушбу янгиликлардан трафик зарар кўрмайди. Аввалига ҳайдовчилар ва пиёдалар бунга кўникишлари керак бўлади. Бироқ, мазкур ечимлар ва ёндашувлар бутун дунёда қўлланилади ва самарали ҳисобланади", - деди у.
"Хавфсизлик оролчалари ва чорраҳанинг ўтиш жойининг торайиши транспорт оқимларининг текисланишига, трафикни тинчлантиришга, ўтиш вақтини камайтиришга ва ўтказувчанликни оширишга, шунингдек умумий майдонни тежашга ёрдам беради. Зеро, 60 км/соат ва ундан юқори тезликда ҳаракатланаётган транспорт воситалари 40-50 км/соат тезликда ҳаракат қилаётганларга қараганда анча кўп жой эгаллайди. Бу илмий жиҳатдан исботланган факт", - дея қўшимча қилди Тошкент лойиҳа бюроси раҳбари Мурод Обидов.
Математикларнинг ҳисоб-китобларига кўра, кўчалар учун энг самарали тезлик 50 км/соатни ташкил этади.
Бундан ташқари, бу тезликда ҳаракатланаётган автомобиль билан тўқнашганда пиёданинг омон қолиши учун кўпроқ имконият мавжуд.
Автобуслар учун йўллар
Жамоат транспортининг устуворлиги тамойилига амал қилган ҳолда, Навоий кўчаси бўйлаб автобуслар ва махсус транспорт воситалари учун махсус полосалар ўтказилади. Бу кўчанинг ўтказиш қувватини янада оширади, шунингдек, фавқулодда хизматларнинг етиб бориш вақтини қисқартиради. Хусусий автомобиллар ҳайдовчиларига ўз эҳтиёжлари учун ажратилган полосалардан фойдаланмасликка ўргатиш учун фото ва видеофиксация воситаларидан фойдаланилади.
Тошкент шаҳрининг 26 та асосий магистрал йўлларидаги 268 та чорраҳада бўлиб ўтадиган қурилишсиз ишлари ёрдамида геометрия ва ҳаракатланиш фазаларини мақбуллаштириш режалаштирилган. Лойиҳа идораси мутахассисларининг айтишича, қайта қуриш жараёнида пиёдалар хавфсизлиги ва жамоат транспортининг юқорида айтиб ўтилган устувор йўналишларига риоя қилиш шарт. Бу йил 140та чорраҳада шундай ишлар олиб борилади.
Изоҳлар мавжуд емас