Загрузка
Загрузка
Уколсиз эмлаш. Ўзбекистонликларнинг эмланишга бўлган қўрқуви ҳисобидан ким бой бўлмоқда?
Жамият

Уколсиз эмлаш. Ўзбекистонликларнинг эмланишга бўлган қўрқуви ҳисобидан ким бой бўлмоқда?

706
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон ҳукумати ўз ишини тўсиқсиз давом эттириш мақсадида бир қатор соҳа ходимларининг эмланишини мажбурий қилиб қўйди. Бу қарор коррупция учун яна бир имконият эшигини очди - одамлар эмланишсиз сертификат олиш йўлларини излай бошлади. Шу билан бирга, юз бераётган воқеаларга қараганда, мазкур хизматларни таклиф қилаётган шахслар ва ўзбекистонликларнинг ўзлари ҳам воқеаларнинг бундай ривожланишига тайёр экан, ҳукумат эса йўқ.

Атрофга бир назар сол

Қизиғи шундаки, Ўзбекистон мажбурий эмлашни жорий қилиб, одиндан маълум бўлган хато йўлдан борди. Ҳеч бўлмаганида, бошқа давлатлар тажрибасига бир қараш лозим эди. Масалан, собиқ иттифоқнинг кўплаб давлатларида, хусусан, Россия ва Украинада мажбурий эмлаш янги коррупцион тўлқинларни келтириб чиқарди. Бунга амин бўлиш учун қидирув тизимларига “сохта сертификат сотиб олиш” жумласини киритишнинг ўзи кифоя.

Бу мавзуда қўшни Қозоғистонда ҳам шов-шувлар келиб чиққан. The Economist журналининг маълум қилишича, коронавирус ва мажбурий эмлаш фонида бу давлатда    коррупция даражасини ошган. Журналистлар   топган маълумотларга қараганда, эмлашни олганлик тўғрисидаги сохта сертификатлар хавфли вируснинг мамлакат бўйлаб тарқалишига ўта салбий таъсир қилган.

Ўзбекистонда эса бу масалада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дадил хабарларига кўра, кишилар эмлашни олиш учун навбат кутишмоқда, сохта сертификатлар муаммоси умуман кўтарилмайди. Бироқ, Ўзбекистондаги коррупция даражасини ҳисобга олган ҳолда табиий савол туғилади: яқинда вазирлик айтган 6 миллион тўлиқ эмланган   фуқароларнинг   қанчаси ҳақиқатан ҳам вакцина олган бўлса?

Эмланиш тўғрисидаги сохта маълумотномалар масаласи   ўзбекистонликларнинг ўзи учун аллақачон янгилик эмас. Яқинда гўзаллик салони ходимлари ўртасида бўлиб ўтган қуйидаги суҳбатга гувоҳ бўлдим:

  • Дарвоқе, қизлар мен эмландим

  • Зўрку, қанчага тушди?

  • Тушумадим, текин!

  • Нима, маълумотномани шундай беришдими?

  • Эмланиш учун олдим.

  • Ҳақиқатан ҳам сенга укол қилишдими?

Бундай гапларни мажбурий эмланиш жорий қилинган бошқа меҳнат жамоаларида   ҳам эшитиш мумкин. Сохта маълумотномалар ҳақидаги миш-мишлар август ойининг ўрталаридан бошланди. Интернет фойдаланувчиларининг айтишича, эмлаш пунктидаги ҳамшира билан келишиб,   вакцина олмасдан ҳам эмланганлар базасидан ўрин олиш мумкин экан. Бу оддий тарзда ўтаркан. Номигагина   беш дақиқа кабинетда ўтириб, ҳамширани “рози” қилсангиз кифоя эмиш. Қарабсизки, вакцина олганлигингиз расман тасдиқланади. Вакцина олдингизми ёки йўқми - буни исботлаш қийин.

Масаланинг нархи тиббий ходимнинг иштаҳасига боғлиқ – 50 мингдан 100 долларгача бўлиши мумкин. Албатта, сохта   эмланиш жойлари ҳақидаги маълумотлар очиқчасига интернетга қўйилмайди. Бу каби “қимматли” маълумотлар оғиздан-оғизга ўтиб, танишлар ёки қариндошлар орқали тарқатилади. Кимдир вакцинанинг биринчи дозасини олиб, иккинчисини олмаслик учун пул берган, кимдир эса бирорта ҳам дозани олмаслик ва тўсиқсиз иш фаолиятини давом эттириш учун сертификатга тўлаган.

Талаб ва таклиф

Мажбурий эмлашга қора бозор   дарров муносабат   билдирди. Интернетда    сохта сертификатлар таклиф қилувчи турли сайт ва аноним гуруҳлар пайдо бўлди. Айрим “ишбилармонлар” умумий базага киритилган сертификатларни очиқ эълонлар тахталарида ҳам таклиф қилишмоқда. Бу каби таклифлар ўқитувчилар,   хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси вакиллари мулоқот қиладиган гуруҳларда айниқса фаол илгари    сурилмоқда. Шунинг учун назарий жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, поликлиникага бормасдан туриб ҳам маълумотномани қўлга киритиш мумкин. Лекин шуниси аниқки, таклифларнинг аксариятидан    фирибгарлик “ҳиди” келиб туради. Шу боис, нафақат иммунитетдан, балким пулдан ҳам айрилиб қолиш эҳтимоли катта.

Batafsil.uz. мухбири шундай сертификат сотувчиси билан боғланди. “Тадбиркор”нинг айтишича, эмланганлик тўғрисидаги белги ҳамма   керакли базаларда кўринармиш. Бу учун паспорт ва суғурта полиси маълумотларини сўради ва Ўзбекистон фуқаролари учун “имтиёз” борлиги билан хурсанд қилмоқчи бўлди. Хизмат нархи 4 минг рубль экан (бу хизмат Россияда бўлиб, барча МДҲ давлатлари учун ишларкан). Даставвал пулнинг ярмини тўлаш сўралди. Салгина савдолашгандан сўнг “саховатпеша” тадбиркор сертификат нархини 3400   рублга, кейинчалик 3000 мингача туширди.

Мутхассис фикри

“Шамол бўлмаса, дарахт учи қимирламайди”, -деди мухбиримизга Коронавирусга қарши курашиш   штаби аъзоси Нурмат Отабеков. Бироқ, унинг айтишича, сохта маълумотлар берилишини мониторинг қилиш бўйича аниқ ишлар ҳозирча олиб борилмаяпти.

"Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама бўлиб ўтиб, эмлаш лозим бўлган ишчи аҳоли ва иш берувчилар ўртасида мажбурий эмлаш талаблари қандай бажарилаётганини назорат қилиш ва тегишли чоралар кўриш топширилди. Шундай қилиб, санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати ходимлари томонидан қарийб 13 мингта текширув ўтказилди. Давлат муассасалари ва хўжалик юритувчи субъектларда 23 мингдан зиёд киши мутлақо эмланмай меҳнат қилаётгани маълум бўлди. Албатта, уларнинг ҳаммаси ҳам тиббий сабабларга кўра эмлашга мажбур эмас. Натижада 2 940 киши вақтинча ишдан четлаштирилди ва 19 та объектга эмлашни ташкил этмаганлиги учун фаолиятини тўхтатиш буюрилди", - деди у.

Шу билан бирга, штаб вакилининг айтишича, маълумотномалар ҳақиқийлигини текшириш бўйича ҳам ишлар олиб борилади. Отабековнинг   сўзларига кўра, буни амалга ошириш қийин эмас. Тўлиқ эмланганликни қайд этиш жараёнида вакцина серияси, кишининг неча маротаба эмлашга борганлиги, санаси, эмлашни олган ҳудудига оид маълумотлар киритилади.

Шунингдек, қўлида сохта маълумотнома бўлган одамлар коронавирус билан касалланиб, касалликни оғир шаклда ўтказиши мумкин. Барча жиддий ҳолатлар текширилмоқда ва эмлашдан сўнг касалликнинг оғир кечиши аниқланса, у шубҳага сабаб бўлади.

Мутахассиснинг фикрича, сохта эмлаш ҳужжатини олганлар ўзларини алдаб, оиласи ва яқинларини хавф остига қўйишади. Сохта ҳужжат вирус ташувчиси билан алоқада бўлган тақдирда касалликдан ҳимоя қилмайди. Айнан улар мамлакатда кейинги эпидемик авж олишига айбдор бўлиши мумкин. Бундан ташқари, қўлида сертификати бўлган одамда касалликнинг оғир шакли юзага келиши аҳолида эмлаш жараёнининг самарадорлигига янада кўпроқ шубҳа уйғотади.

Бу борада шуни англаш муҳимки,   эмланган фуқаролар реестрида сохта белги қўйилса, давлат томонидан берилган бепул вакцина йўқ қилиниши ёки “ишбилармон” кишиларни янада бойитиши мумкин.

Масалан, сохта маълумотномалар муҳокама қилиш билан бир вақтда оммавий ахборот воситаларида ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинасини яширинча сотган аёллар ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Биринчиси оилавий поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлаган, иккинчиси Telegram мессенжерига вакцина сотиш учун реклама қўйган. У 186 дозадаги вакцинани 27,7 млн. сўмга сотишни режалаштирган [ҳар бир дозага 150 минг сўм]. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши очилган.

Дарвоқе, сохта эмлаш сертификатини олиш учун 5 йилгача қамоққа тушиш мумкин. Бу энг оғир жазо. Одатий ҳолатда қоидабузар 13 миллиондан 27 миллион сўм миқдорида жарима тўлаши керак бўлади. Бундай ҳаракатлар учун жазо Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланклар ишлаб чиқариш, қалбакилаштириш, уларни сотиш ёки фойдаланиш) билан белгиланади.

Ички ишлар вазирлиги матбуот-хизмати маълумотларига кўра, умуман эмлаш даврида 10 киши сохта эмлаш сертификатларини олишда айбланган. Иккита ҳолат Тошкент вилоятида, қолганлари Фарғона вилоятида   аниқланган. Иш қўзғатиш ва бу сохта маълумотномаларни ясаган шахсларни   жавобгарликка тортиш ҳақидаги саволимиз жавобсиз қолди.

Балким шунинг ўзи эмлаш бўйича тарғибот кампаниясининг барбод бўлганига сабабдир. Одамлар ўз давлатидан кўра, тармоқдаги видеороликларга кўпроқ ишонишади.   Мажбурий эмлашнинг татбиқ этилгани эса аҳолининг мазкур жараёнга ишончсизлигини янада оширди. Фуқаролар “Бизни   оммавий тарзда йўқ қилишмоқчи”, деган сўзлар билан чиқа бошлашди. Номаълум нарса билан эмланмаслик эвазига пул бериш бошланди. Давлатнинг текин вакцинасидан эса   бош тортиш авж олди.

Фикримиз якунида Украинада юз берган жуда қизиқ бир ҳолатни айтиб ўтиш жоиздир. Октябрь ойи бошида Николаевск вилоятида инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Рада комиссари котибиятида жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик минтақавий координатори Вадим Жепало ижтимоий тармоқда қуйидаги хабарни ёзган:

"Бир фуқаро қунғироқ қилиб, қатъий оҳангда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб этди. Масаланинг моҳияти шундаки, у бир неча ой олдин эмлаш сертификатини сотиб олган. Бир ойдан кейин у ковид билан касалланиб, зўрға тузалган. Шундан сўнг у эмланишга қарор қилган ва шифохонага борганида, у аллақачон эмланган фуқароларнинг маълумотлар базасида тургани маълум бўлган. Энди у эмлаш ҳуқуқини тиклашимизни талаб қилмоқда."

Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, сохта сертификат олган ва кейинчалик эмланишга қарор қилган фуқаро эмланиш учун тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиши мумкин. Бироқ, бу ҳолатда эмлаш ҳужжатини сохталаштириш учун қандай жазо белгиланганини айтилмади.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...