Загрузка
Загрузка
Ҳукумат ижтимоий меъёр қандай бўлиши ҳамда электроэнергия ва газ нархининг ошишини асослаб бермоқда. Мутахассислар фикри
Жамият

Ҳукумат ижтимоий меъёр қандай бўлиши ҳамда электроэнергия ва газ нархининг ошишини асослаб бермоқда. Мутахассислар фикри

838
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бугун Ўзбекистон ҳукумати электр энергияси ва газ тарифлари оширилиши режалаштирилганини расман эълон қилди. 1 июлдан аҳоли учун ресурслар нархи 30 сўмга ошиши кутилмоқда. Хусусан, электр энергияси учун нархни 295 сўмдан 325 сўмгача, газ учун 380 сўмдан 410 сўмгача кўтариш режалаштирилган. Шу билан бирга, кам даромадли истеъмолчиларни ҳимоя қилиш мақсадида “ижтимоий меъёр" тушунчаси киритилади. Мутахассислар нима учун нархлар оширилиши ва ўртача ойлик истеъмол меъёри қандай шакллангани хусусида мухбиримизга айтиб беришган.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу чора-тадбирлар энергетика соҳасини ислоҳ қилиш ва энергетика соҳасида бозор муносабатларига ўтиш йўлидаги илк қадамдир. Энергетика соҳасида тариф сиёсати бўйича ишлар олти ойдан бери олиб борилмоқда. Бу борада Қозоғистон, Белоруссия, Россия, Туркия ва Украина тажрибаси асос қилиб олинган.

"Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва етказиб бериладиган электр энергиясининг таннархи анча юқори. Жаҳон банки экспертларининг ҳисоблашича, амалдаги тарифлар харажатларни атиги 66%ни қоплайди. Қўпол қилиб айтганда, компания ресурсни ишлаб чиқариш ва етказиб беришга 100 сўм сарфлайди, истеъмолчидан эса 66 сўм олади холос. Фарқни давлат субсидиялари қоплаши керак бўлмоқда", - деди мухбиримизга Молия вазирлиги электр энергетика тармоғини трансформация қилиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Жураев.

Бундан ташқари, мутахассиснинг таъкидлашича, электр тармоғи аҳолининг ресурс эҳтиёжларини керакли ҳажмда қоплаши учун доимий модернизация ва янги қурилишни талаб қилади.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги беш йил ичида 40 минг километр паст кучланишли электр тармоқлари янгиланган ва 12 мингта трансформатор қурилган. Таққослаш учун, 25 йил давомида - 1991 йилдан 2016 йилгача – бор-йўғи 9300 км электр тармоқлари ва 4800та трансформаторда ишлар олиб борилган.

"Сўнгги уч йил ичида энг кам иш ҳаққи беш маротаба оширилди. Бироқ, бу вақт ичида энергия ресурсларига тарифлар ошмади. Айни пайтда энергетика компанияларини ривожлантириш учун кредитлар халқаро молия институтлари томонидан давлат кафолати остида берилади. Биз бундай механизм бўйича ишлашни давом эттира олмаймиз, унинг муддати тугаган. Бу Ўзбекистоннинг халқаро кредит рейтингига ва умумий давлат қарзининг ўсишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Энергетика компаниялари иложи борича давлатдан мустақил ишлашлари керак. Ҳукумат кафолатисиз халқаро инвесторларни жалб қилиш учун энергия тарифлари фойда келтириши керак. Инвестор зарар кўрадиган корхонага ўз маблағларини сарфламайди. Инвесторлар учун жозибадор тарифларга фақат бозор механизмлари ёрдамида эришиш мумкин", - деди у.

Кейинги йилларда ёқилғи-энергетика ресурсларига тарифлар инфляцияни ҳисобга олган ҳолда тўғрилаб борилади. 2026 йилдан Ўзбекистон бозор муносабатларига ўтади – давлат ресурсларга нарх белгиламайди, уларни бозор тақозо этади. Ушбу муддатлар ўтиш даври кескин тебранишларсиз, режали бўлиши учун белгиланган.

Бундан ташқари, кам даромадли аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда республикада "ижтимоий меъёр" тизими жорий этилади. Унинг ҳажмини белгилаш учун Тошкент ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри абонентларининг саралама тадқиқотлари ўтказилган.

Маълумот учун:

Ижтимоий меъёр- бу яшашни таъминлаш учун энг кам ва етарли миқдордаги ресурс сарфи бўлиб, у камайтирилган ставка бўйича тўланади. Ушбу меъёрдан ортиқча истеъмол қилинган ҳар бир киловатт электр энергияси ва кубометр газ учун юқорироқ нарх тўланади. 

Тадқиқот ушбу ҳудудларда яшовчи абонентларнинг ҳисоблагич кўрсаткичларига асосланган. Кўп сонли аҳоли яшайдиган ва кўплаб саноат корхоналари жойлашган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти энергия ва табиий газни энг кўп истеъмол қиладиган ҳудудлардан ҳисобланади. Тажриба объектларини танлашда ресурсларни узлуксиз етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилган, зеро тез-тез узилишлар билан ўртача ойлик истеъмолнинг ҳақиқий ҳажмини аниқлаб бўлмайди. Ҳудуднинг географик жойлашуви ҳам ҳисобга олинган. Ҳар-хил турдаги турар–жой бинолари: марказлаштирилган иситиш тизимига эга эски намунадаги кўп қаватли бинолар, янги бинолар ва хусусий уй хўжаликларида ресурсларни истеъмол қилиш тўғрисидаги маълумотлар ўрганилди", - деди Иқтисодий   тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ёқилғи-энергетика ва кимё саноатини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Кувончбек Мустафоев. 

Тадқиқот натижаларига кўра, ижтимоий истеъмол меъёри қуйидагича бўлади:

  • электр энергияси учун- 250 киловатгача;

  • табиий газ учун – 200 куб метргача (апрелдан сентябргача) ва 700 кубометргача (октябрдан мартгача). 

Шундай қилиб, ойига 250кВт гача электр энергиясидан, шунингдек 200 ва 700 (мавсумга қараб – иситиш /иситмаслик) кубометр газдан фойдаланган ҳолда истеъмолчи имтиёзли тариф бўйича, яъни ток учун 325 сўм ва газ учун 410 сўм тўлайди. Ушбу лимитдан ошган ҳар бир киловатт ва кубометр учун-бозор тарифига яқинлаштирилган нархда: 1кВт учун 650 сўм, 1 кубометр газ учун 1200 сўм тўлаши керак бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ресурслар учун тўловни ҳисоблаш жараёни инсон омилини истисно қилган ҳолда автоматлаштирилган тарзда олиб борилади.

"Бугунги кунда ҳар-бир хонадонда ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилган. Телефон рақамига боғланган шахсий ҳисобга ҳар ойда истеъмол қилинган ресурслар миқдори кўрсатилган SMS-хабарнома боради. Электр ва газ истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни махсус сайтдаги шахсий кабинетда ҳам кўриш мумкин", - деди Молия вазирлиги вакили Баҳодир Жўраев.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...