Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Урганч халқаро аэропорти давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation бошқарувига топширилади.
Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бу ерда сўз аэропортни модернизация қилиш ва ривожлантиришни назарда тутувчи Build-Operate-Transfer (қурилиш - бошқарув - ўтказиш) модели бўйича лойиҳа ҳақида бормоқда. Incheon Airport йўловчи ва юк терминалларини қуриш ва бошқариш, жумладан, ер усти хизматларини ташкил этиш билан шуғулланади. Шунингдек, давлат шеригида аэродром мажмуаси - учиш-қўниш йўлаги ва перрон устидан назорат қолади.
Танлов ғолиби ўтган йилнинг август ойида эълон қилинган халқаро тендер натижаларига кўра аниқланган. Саккизта компаниядан бештаси финалга чиққан ва идоралараро комиссия Incheon Airport таклифини энг самарали деб топган. ДХШ шартномаси 19 йил муддатга тузилади.
"Бу дунёдаги энг йирик аэропортлардан бири бўлиб, ўтган йил якунларига кўра 70 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган. Ишончимиз комилки, кореялик ҳамкорлар Хоразм ҳаво бандаргоҳини халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий ва қулай марказга айлантиришга ёрдам беради," - дея таъкидлади Uzbekistan Airports.
Эслатиб ўтамизки, Урганч аэропортининг хусусий бошқарувга берилиши Ўзбекистон авиация соҳасидаги ислоҳотларнинг давоми ҳисобланади. Ушбу йўналишдаги биринчи лойиҳа Самарқанд халқаро аэропорти бўлиб, у модернизация қилинди ва ДХШ модели бўйича хусусий шерикка бошқарувга берилди. Кейинчалик худди шу тарзда Наманган ва Бухоро аэропортлари ҳам бошқарувга берилган.
Изоҳлар мавжуд емас