Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мактаб ўқувчиларининг ота-оналари мактабларда анъанавий таълимни тўлақонли қайтариш масаласини фаол муҳокама қилишни давом этишмоқда. Муҳокамалар шу қадар қизиб кетдики, бунга Халқ таълими вазирлиги аралашди. Вазирлик кузги таътилдан сўнг онлайн таълимдан воз кечиш қарори ҳали қабул қилинмаганини билдирди.
Бироқ, вазирликда мавжуд маълумотларга кўра, мамлакатдаги ўқувчиларнинг 74% анъанавий таълимни танлаган. Пойтахтимизда таълим жараёнини ташкил этиш ва санитария-эпидемиология қоидаларига риоя этиш асосан муносиб даражада ташкил қилинган. Лекин вилоятлардаги аҳвол қандай бўлса? Биз Урганч шаҳридаги 15-сон мактаб директори Фируза Сафарова билан суҳбатлашиб, бу ерда ўқувчи ва ўқитувчилар ковиддан қандай ҳимоялангани ва уларга қандай шароитлар яратилгани ҳақида билиб олдик.
– Пандемиянинг мураккаб шароитида таълим жараёнини қандай ташкил этдингиз, биринчи навбатда нималарга эътибор қаратилди?
– Ўқув йилимиз 9 сентябрдан бошланиб, таълим ва тиббиёт ташкилотларидан барча зарурий рухсатномаларни олдик. Ўқув жараёни икки сменада олиб борилади, бунга сўров натижалари асосида ота-оналар розилик билдиришди. Бундан ташқари, сўров натижаларига кўра, ота – оналарнинг 70% онлайн таълимни танлашгани боис, махсус жадвал тузилди. Биринчи кичик гуруҳ ҳафтанинг жуфт кунлари, иккинчи кичик гуруҳ эса тоқ кунлари ўқитилади. Шу билан бирга, соат 9-00да ҳам онлайн ва офлайн ўқишлар бошланиб, ўқитувчилар Интернет орқали вазифаларни юборишади.
Мактаб очилишидан олдин бизда эпидемиологик қоидаларга риоя қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга қаратилган махсус машқлар ўтказилди. Бундан ташқари, барча ўқитувчилар махсус тренинглардан ўтиб, коронавирус учун тест таҳлилларини топширишди. Яхшиямки, касаллик ҳолатлари аниқланмади.
– Мактабга келган болаларга одатда, ижтимоий масофани сақлаш ёки ниқоб тақиш нима учун кераклигини тушунтириш қийин. Уларни бу қоидаларга риоя қилишини таъминлаш эса янада мураккаб. Бу масалани қандай ҳал қиляпсиз?
- Жисмоний тарбия ва технология фани ўқитувчилари асосан эркаклар бўлгани жуда яхши. Бу фанлар ҳозирда ўқитилмайди. Натижада улар учун икки сменада махсус сменалар ташкил қилдик, кун давомида улар мактабда эпидемиологик қоидаларга риоя қилинишини кузатиб борадилар.
Мактабимизда биринчи смена 8:30 ва 9:00 да, иккинчи смена- 12:30 ва 13:00да бошланади. Бизда тўрт нафар ҳамшира ишлайди. Иккитаси болаларни тушликдан олдин, иккитаси кейин текшириб боради. Улар ҳароратни ўлчашади, қўлларга антисептик сепишади. Ота-оналарнинг мактаб ҳудудига киришига рухсат берилмайди, улар болаларини дарвоза олдигача олиб келишади холос. Дарсдан кейин ҳам болаларини дарвоза олдидан олиб кетишади.
Шу билан бирга, ота-оналар синф ўқитувчиси билан доимий алоқада бўладилар. Ота-онаси қўнғироқ қилиб келганини айтмагунича, ўқувчини ҳеч ким мактабдан чиқармайди.
Мактаб ичида ҳам барча ишлар йўлга қўйилган. Кираверишда махсус хлорли гиламчалар ташланган. Ўқувчилар эрталаб текширилиб, сўнг ўқитувчи уларни синфга олиб боради. Болаларимиз битта синфда ўтиришади. Фақат ҳожатхонага боришга рухсат қилинади. Танаффуслар бекор қилинган.
Мактабда ҳам совуқ, ҳам иссиқ сув борлиги, барча зарур шарт-шароитлар яратилгани муҳим аҳамиятга эга. Биринчи сменадан сўнг хлор билан тозалаш ишлари олиб борилади, барча тутқич, стол, стул ва парталарга ишлов берилади. Натижада ўқувчиларнинг янги сменаси тоза ва дезинфекция қилинган синф хоналарига киради.
Биринчи смена 11:40да тугайди, иккинчи смена 12:30 да бошланади. Натижада синфларни тозалаш учун тахминан бир ярим соат вақт ажратилади.
Биринчи сменада биринчи, саккизинчи, тўққизинчи ва ўн биринчи синфлар, иккинчи сменада – учинчи, тўртинчи, бешинчи, олтинчи ва еттинчи синфлар ўқийди.
Ўқитишни икки сменага ажратганимиз бежиз эмас. Бу болаларнинг ижтимоий масофани таъминлашлари учун зарур эди. Айни пайтда ўқувчилар нафақат партада ёлғиз ўтиришади, балким ўрталарида яна биттадан бўш парта қўйилган.
Пандемия давомида жорий қилинган янгиликлардан бири шуки, ҳар шанба куни барча фанлардан онлайн тест ўтказамиз. Одатда, саволлар ўқувчилар ҳафта давомида ўқиган материаллар асосида тузилади.
Дарслар оралиғидаги танаффуслар пайтида синфларга ишлов бериладими?
– Ҳозирда кичик синфларда уч-тўртта, катта синфларда тўрт-бешта дарс ўтилмоқда. Шунга асосланиб вақтни танлаймиз ва қўшимча равишда дарслар оралиғида парталарга ишлов берамиз.
- Буфет иши қандай ташкил этилган?
- Ошхона ҳозир ишламайди. Ота-оналар билан келишилган ҳолда, болалар уйларидан иссиқ чой ва бутербродлар, шунингдек бошқа маҳсулотларни олиб келишади. Синф хоналарида сув кулерлари ҳам бор.
– Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўқитувчилар гриппга қарши бепул эмланади, дори-дармон берилади, деб айтган эди. Бу билан боғлиқ вазият қандай?
- Барча ўқитувчиларга В1, В2, витаминлари ва цинк тарқатилди. Шунингдек, гриппга қарши эмландик. Бу нафақат ўқитувчиларга, балки барча ходимларга нисбатан ҳам татбиқ этилди.
Изоҳлар мавжуд емас