Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025-2026 йилларда Ўзбекистонда 2 983 та микрогидроэлектр станция қурилади. Жами қуввати 164 мегаватт бўлган микро ГЭСлар тармоғи йилига 500 миллион киловатт соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Ўзбекистонда микроГЭСлар тармоғини ривожлантириш дастури Ўзбекистон президентининг жорий йил 28 мартдаги "Республика ҳудудларида микроГЭСлар тармоғини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида назарда тутилган.
Ҳужжат билан жорий ва келгуси йилларда республика ҳудудларида микроГЭСлар тармоғини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланмоқда.
Хусусан, янги микро ГЭСлар ишга тушгач, 280 000 киши электр энергияси билан таъминланади. Тармоқ қурилиши даврида 1 минг 200 нафар аҳоли бандлиги таъминланади, лойиҳалар ишга тушгач, 520 та доимий иш ўрни яратилади.
1 майга қадар микроГЭС қуриш учун ер участкалари Энергетика вазирлигига берилади. Ўз навбатида, Энергетика вазирлиги ажратилган ер участкаларини лойиҳа ташаббускорларига 20 йил муддатга ижарага берилишини таъминлайди.
Кичик ва микро ГЭСлар лойиҳаларини амалга ошириш учун махсус лойиҳа гуруҳи тузилади.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ташкил этилади. Унинг ҳузурида Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўз ишини бошлайди, у фуқароларга энергия аудити, қуёш панеллари ва иссиқлик насосларини ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаб беради.
Изоҳлар мавжуд емас