Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Россия аста-секин ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилари учун энг муҳим экспорт бозорига айланиб бормоқда. Жорий йилнинг саккиз ойи якунларига кўра, маҳаллий бизнес вакиллари Россия Федерациясига 1,8 млрд долларлик маҳсулот жўнатган ва бу Ўзбекистоннинг барча савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринни эгаллайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Россия Федерациясидан Ғарб брендларининг қочиб кетиши шароитида бу кўрсаткич йил охирига қадар сезиларли даражада ошиши мумкин. Россия бозори ўзининг географик яқинлиги, шунингдек, иқтисодий ўзаро боғлиқлиги ва икки мамлакат ўртасидаги қулай муносабатлар туфайли Ўзбекистон экспорт ҳажмини ошириш учун ноёб имкониятдир.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон бизнеси мавжуд имкониятларни кенгайтириш ва янги марраларни эгаллаш учун яхши шароитларга эга. Ғарбнинг иккиламчи санкциялар таҳдиди, шунингдек, кўплаб ўзбекистонлик корхоналарнинг рақобат шароитида ишлашни истамаслиги бунга тўсиқ бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон максимал даражада мамлакатнинг очиқлигини ошириш ва мавжуд бозорларни кенгайтириш, қолаверса, янги бозорларни топишга имкон берадиган экспортбоп моделни яратишга қаратилган аниқ иқтисодий стратегияни амалга ошираётганини тушуниш муҳимдир.
Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимият тепасига келиши биланоқ, мамлакатда бизнеснинг экспорт ва инвестиция фаолиятига халақит берувчи тўсиқ ва тарифларни бартараф этиш йўналиши белгиланди. Буни Россия ва МДҲнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, Евросиё иқтисодий Иттифоқининг турли тузилмаларига интеграциялашув йўлини фаоллаштириш бўйича қўйилаётган қадамлар ҳам тасдиқлаб турибди.
Бунда Россия бозорида жой эгаллаш нуқтаи назаридан инқироз шароитида ишлаб чиқариш ва молиявий жараёнларни мослашувчан йўлга қўйиш учун катта имкониятларга эга бўлган, шунингдек, Россия Федерациясидан янги қўшма корхоналар ва кооператив занжирларни шакллантириш учун шерикларни жалб қилишга қодир бўлган кичик ва ўрта бизнес алоҳида роль ўйнаши мумкин. Бу борада Россия республикада ташкил этилган хорижий корхоналар сони бўйича етакчи эканлигини таъкидлаш жоиздир, яъни уларнинг сони 2,5 мингдан ортиқ. Бу янги иш ўринлари, миллий саноатнинг юксалиши ва янги технологияларнинг кириб келишида намоён бўлади.
Россиянинг Ўзбекистондаги савдо вакили Константин Злигостевнинг сўзларига кўра, айни пайтда Россия томонининг асосий вазифаси - икки мамлакат ўртасидаги саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, хусусан, қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.
"Биз Россия саноат ва савдо вазирлиги ва Ўзбекистон инвестиция ва ташқи савдо вазирлигидаги ҳамкасбларимиз билан мавжуд лойиҳаларни мониторинг қилиш ва янгиларини шакллантириш учун шароит яратиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Жорий йилда очилган Чирчиқ саноат парки ана шундай кооперациянинг бир мисолидир. Бу “Ўзкимёсаноат” ва Татаристон Республикасининг “Химград” паркининг қўшма лойиҳаси бўлиб, унинг тажрибаси лойиҳанинг асосини ташкил этди",- деди савдо вакили мухбиримизга.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, самолётсозлик, дастгоҳсозлик, кимё саноати ва энергетика соҳасидаги қўшма ташаббуслар бўйича ишлар давом этмоқда.
"Биз ҳам минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришга интиламиз. Биргина шу йилнинг ўзида Россиянинг 40 дан ортиқ минтақаси вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бундай ташрифлар натижаси икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ қадамларни ўз ичига олган йўл хариталари тузилмоқда”, - деди у.
Россия бозорига кириш ва янги ишлаб чиқариш занжирларини яратишнинг энг истиқболли йўналишларидан бири - бу тўқимачилик саноати ҳисобланади. “Ўзтекстилсаноат” уюшмаси раиси Илхом Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, Россия тўқимачилик маҳсулотларини сотиш бўйича республиканинг анъанавий ва йирик ҳамкори ҳисобланади.
“Умуман олганда, агар ўтган йили бизнинг соҳамизда экспорт ҳажми қарийб 1,9 миллиард долларга етган бўлса, бу йил биз камида 30 фоизга ўсишни кутмоқдамиз. Россия Федерацияси асосий бозор эканлигини ҳисобга олсак, у ерга бир миллиард доллардан ортиқ маҳсулотлар жўнатилади. Бу қоида тариқасида, тайёр маҳсулотлардир”, - дея таъкидлади уюшма раҳбари.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакатлар кооперация алоқаларини фаол ривожлантиришмоқда. Бу айниқса, Ўзбекистондан ип ва мато сотиб оладиган Иваново вилояти корхоналари билан ҳамкорлик қилиш масаласига тегишлидир. Шу билан бирга, Ҳайдаровнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарининг кўплаб маҳсулотларини ўзлаштира оладиган Россия бозорининг юқори салоҳияти ва тўлов қобилиятини унутмаслик керак.
"Илгари кўплаб рус брендлари Хитой ва Бангладешда тикилган. Биз бир хил сифатни тақдим этишга тайёр эканлигимизни ва шу билан бирга, ўз вақтида етказиб беришга лойиқлигимизни кўрсатиш учун россиялик ишлаб чиқарувчилар билан бир неча бор учрашдик. Шу тариқа рақобатда ғолиб чиқдик. Масалан, Gloria Jeans каби йирик бренд Ўзбекистон фабрикалари учун узоқ муддатли шерикга айланди. Улар нафақат Россия бозорида ишлаши, балки Ўзбекистонда ва бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотини сотиши биз учун муҳимдир", - деди Ҳайдаров.
Унинг сўзларига кўра, йирик брендлар билан ҳамкорлик қилиш тўқимачилик корхоналарига нафақат яхши фойда келтиради, балки уларни йиллар давомида узоқ муддатли шартномалар билан таъминлайди. Шу туфайли кафолатлаган сотуви бўлган корхоналар ўз маблағларни ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ва кенгайтириш учун йўналтиришлари мумкин.
“Ўзтекстилсаноат” раҳбарининг таъкидлашича, бугунги кунда бутун дунёда юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда. Шу билан бирга, кўплаб ўзбек тўқимачилик корхоналари аллақачон халқаро талаб ва стандартларга жавоб беради, бу уларнинг Марказий Осиё ва Россия Федерацияси бозорларидаги муваффақиятли кириб боргани билан тасдиқланади.
"Мижозларэҳтиёжларини қондириш учун ҳукуматимиз жиддий қадамлар қўймоқда ва турли ишлаб чиқарувчиларга мультибрендли савдо майдончаларини яратишга имкон бериб, чет элда маҳсулот сотиш шохобчаларини яратишни қўллаб-қувватламоқда. Бу нафақат Россияга, балки бошқа мамлакатларга ҳам тегишли. Шунингдек, мамлакатда ташқи бозорларга маҳсулот етказиб беришни субсидиялаш имконияти ҳам ишга туширилган. Биз Россия бозорида ўзбек тўқимачилигининг тан олинишини ошириш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилмоқдамиз, бу иш ўз самарасини бермоқда, масалан, трикотаж маҳсулотлари бўйича биз аллақачон МДҲ бозорларида етакчилик қилмоқдамиз ", - деди Ҳайдаров.
Россия бозорининг эҳтиёжларини қондириш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар айни пайтда “джинси” маҳсулотлари, махсус иш кийимлари, шунингдек костюмлар ишлаб чиқариш имкониятларини фаол равишда оширмоқдалар.
"Мақсадимиз шуки, яқин келажакда Россия ёки МДҲнинг бошқа давлатларида ҳеч кимни “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи ҳайрон қолдирмасин. Бунинг учун биз экспорт қилувчиларни молиявий рағбатлантирамиз, уларга Россия Федерациясининг савдо марказларида бўшаган жойларни эгаллашга ва кўргазмаларда қатнашишга ёрдам берамиз. Ҳозирда биз фаол равишда Россияда омборлар яратмоқдамиз, савдо уйлари инфратузилмасини ривожлантирмоқдамиз ва ўйлайманки, ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари билан ўнлаб мультибренд дўконларни яратишга чиқамиз",–деди суҳбатдошимиз.
Янги кооперацион алоқалари ҳақида гапирар экан, у Хоразм ва Тошкент вилоятларида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича россиялик сармоядорлар билан ҳамкорликда иккита лойиҳа тайёрланаётганини таъкидлади.
"Биз Россияда жуда фаолмиз, аммо янада фаол бўлишимиз керак, зеро, бозор катта ва у янги маҳсулот ҳажмини талаб қилади. Шу билан бирга, бу ерда жиддий рақобат шаклланган. Гап бу ерда аллақачон ўрнашиб олган турк брендлари ҳақида кетмоқда, шунингдек, Хитой ва Ҳиндистон ишлаб чиқарувчилари бозорга агрессив равишда кириб келишмоқда. Бироқ, шунга қарамай, биз уларни ютиб чиқамиз: анъанавий ва ўнлаб йиллар давомида шаклланган алоқалар ўз таъсирини кўрсатади. Бундан ташқари, бизнинг афзалликларимиз ҳам бор – юқори сифатли маҳсулотлар нисбатан арзон нархда таклиф қилинади",–деди саноат раҳбари.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, кўплаб Ғарб брендлари кетганидан сўнг, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар люкс маҳсулотлари соҳасини ҳам эгаллашга интилмоқда. Умуман олганда, Ҳайдаровнинг баҳолашича, Россия бозори ҳар йили ўнлаб миллиард доллар фойда келтириш мумкин. Бу учун бор-йўғи мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш лозим холос.
Изоҳлар мавжуд емас