Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Олмалиқ кон-металлургия комбинати республиканинг энг йирик корхоналаридан биридир. Унинг таркибига Тошкент, Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган 45 та бўлинма киради. Бу ерда 35 мингдан ортиқ ишчи ишлайди. Бугунги кунда комбинат Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Маҳсулотларнинг асосий қисми дунёнинг 18 мамлакатига экспорт қилинади.
Куни кеча, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан комбинат ахборот хизмати билан биргаликда ташкил этилган пресс-тур доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон оммавий ахборот воситаларининг 100 нафар вакилидан иборат гуруҳ ОКМК ишлаб чиқариш майдончаларига ташриф буюрди.
Комбинат келажаги
Комбинат ҳақидаги фильмни ва хавфсизлик бўйича инструктажни томоша қилгандан сўнг, журналистлар ишчи кийимларини кийиб, ишлаб чиқариш объектларини кўздан кечиришга киришдилар. Даставвал, меҳмонлар “Қалмақир” карьерининг томоша майдончасига олиб борилди, у ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари руда қазиб олиш ва уни ташиш жараёнини кузатишга муваффақ бўлишди. Карьер 1959 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Бу ерда иш тўхтовсиз - кунига 24 соат, ҳафтада 7 кун амалга оширилади.
"Аввал бурғулаш машиналари қудуқлар қазишиди, кейин портлаш ишлари олиб борилади. Кейинчалик, экскаваторлар ўз ишларини бошлайдилар, улар рудани самосвалларга юклайдилар. БелАЗ машиналари тоғ массасини думпкар(самосвал вагонлари)га туширади ва юк мис-бойитиш фабрикасига олиб борилади. Бу эрда қимматбаҳо металлар чиқинди тошлардан ажратилади. Концентрат мис эритиш заводига жўнайди, у ердан тайёр мис чиқади. Чиқиндилар ахлатхоналарга юборилади",-деди “Қалмақир” карьерининг бош муҳандиси Аъзам Асқаров.
"Қалмақир” ёнида “Ёшлик 1” кони жойлашган бўлиб, уни ўзлаштириш 2017 йилда бошланган. Карьер ўз номини шунчаки олгани йўқ: бу ерда асосан ёшлар ишлайди, улар коннинг ўзи каби комбинат келажаги ҳисобланади.
SRK Consulting компаниясининг баҳолашича, "Ёшлик 1" кони мис конлари орасида рудадаги олтин миқдори бўйича дунёда йирик деб тан олинган. Бугунги кунда комбинат захиралари рудадаги олтин миқдори бўйича дунёда 1 – ўринни, мис конлари рудаларидаги олтиннинг ўртача миқдори бўйича 2 – ўринни, руда ҳажми бўйича 3 – ўринни, рудадаги мис ҳажми бўйича 6-ўринни эгаллайди.
Мис ва олтиндан ташқари, комбинат кумуш, молибден, селен, теллур ва бошқа металларни ҳам қазиб олади. Бундан ташқари, асосий қимматли компонентлардан ташқари, Олмалиқ заминида Менделеев жадвалининг деярли барча элементлари мавжуд.
"Бугунги кунда Марказий Осиёда бундай глобал лойиҳалар мавжуд эмас. 2028 йилга келиб, "Ёшлик 1" ва "Қалмақир"ни 9 километр узунликдаги битта улкан карьерга бирлаштириш режалаштирилган. Бу ноёб кон ҳисобаланади, ҳажми ва фойдали қазилмалар таркиби жиҳатидан Чили карьеридан олдинда бўлиб, дунёдаги энг катта конга айланади",- деди “Ёшлик 1” дирекциясининг бош геологи Вячеслав Аминов.
Дастлабки ишга тушириш
"Ёшлик 1" да лойиҳа кўламига мос келадиган габарит кон ускуналари етказиб берилади. Масалан, агар “Қалмақир"да 15 куб метр сиғимли челакли экскаваторлардан фойдаланилса, янги карьер учун 25 куб метр тоғ массасини кўтаришга қодир экскаваторлар сотиб олинган, улар Марказий Осиёнинг бошқа жойларида йўқ. Бундан ташқари, Қалмақирда юк кўтариш қуввати 130 тонна бўлган самосваллар ишлайди, "Ёшлик 1" учун эса 220 тонналик БелАЗ сотиб олинган.
Янги конни ўзлаштириш доирасида комбинат ўзи учун янги цикл-оқимли технологиясини (ЦОТ) жорий этган. Шу аснода, агар "Қалмақир"дан руда автомобил ьва темир йўл транспорти орқали ташилса, "Ёшлик 1" карьеридан конвеерлар орқали олиб чиқилади.
Янги карьерда самосвалларнинг вазифаси рудани майдалаш заводларига олиб боришдир, у ерда тоғ массасининг улкан блоклари майдаланади, тушириш конвееридан ўтади ва иккита магистрал конвеердан мис-бойитиш фабрикаси омборигача боради.
"Магистрал конвеерларнинг узунлиги тўрт километрдан ошади. Улар 3-сонли янги мис-бойитиш фабрикасигача чўзилган. Узлуксиз конвеер линиясидаги тош секундига 7 метрни босиб ўтади. Шундай қилиб, ушбу технология бир хил миқдордаги транспорт ишларини бажаришга имкон беради, аммо шу билан бирга ушбу жараён учун харажатларни уч баравар камайтиради", - деди "Ёшлик 1" дирекциясининг етакчи муҳандиси Шохрух Салимов.
Пресс-тур куни журналистлар ЦОП комплексининг синовдан ўтказилишини кузатишга муваффақ бўлишди ва тарихий лаҳза – биринчи руда партиясини конвеер орқали жўнатишни суратга олишди.
Улкан лойиҳа
Пресс-турнинг навбатдаги пункти 3-мис-бойитиш фабрикаси (МБФ-3) бўлди. Фабрика қурилиши 2021 йилда бошланган. Бу "Ёшлик 1" конини ўзлаштириш доирасидаги асосий лойиҳалардан биридир.
Кузатув майдончасидан ҳақиқатан ҳам ажойиб манзара очилади. Янги МБФ ва унга туташ объектлар қарийб 200 гектар майдонда жойлашган бўлиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлайди. Айтганча, аллақачон мавжуд бўлган иккита заводнинг қуввати 40 миллион тонна тоғ массасини ташкил этади.
"Объектда 23 минг киши ва мингдан ортиқ турли хил ускуналар ишлайди. Қурилиш ишлари 30%га якунланди. Бугунги кунда ускуналарни ўрнатиш фаол суръатларда давом этмоқда. Бу ерда дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларининг энг замонавий техникаси қўлланилади. Илғор технологиялар қимматбаҳо металларни максимал даражада қазиб олишга имкон беради. Барча ишлаб чиқариш жараёнлари инсон иштирокисиз автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади", деди МОФ – 3 лойиҳасининг бош технологи Муҳриддин Нуриддинов.
Комбинат мутахассисларининг таъкидлашича, "Ёшлик 1" кони ва 3-мис бойитиш фабрикаси фойдаланишга топширилгандан сўнг 6,5 минг иш ўрни яратилади. Давлат бюджетига ҳар йили 300 миллион АҚШ доллари миқдорида солиқ тушумлари таъминланади.
ОКМК саноат обектларига ташриф Марказий таъмирлаш-механика заводига бориш билан якунланди. У комбинатнинг локализация дастурининг бош ижрочиси ҳисобланади.
"Ёшлик 1" конини ўзлаштириш доирасида унга ҳам муҳим ўрин берилган. Бу ерда янги объектларни жиҳозлаш учун эҳтиёт қисмлар ва деталлар ишлаб чиқарилади. Улардан жуда кўп микдорда талаб қилади. Шунингдек, унинг негизида машинасозлик заводи ташкил этилган бўлиб, у кейинги мис-бойитиш фабрикалари учун ускуналар ишлаб чиқаришни бошлайди.
Зўр меҳнат - хордиққа сабаб
Шунингдек, пресс-тур дастури доирасида журналистларга комбинат ходимлари қандай шароитда дам олишлари кўрсатилди. Биринчидан, биз ОКМК профилакториясига бордик. 2021 йилда бу ерда кенг кўламли реконструкция амалга оширилган, шундан сўнг бу ерда дам олиш янада мароқли бўлган.
Замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган даволаш блоки, у билан "илиқ" ўтиш жойлари орқали боғланган 200 дан ортиқ кишига мўлжалланган қулай ётоқ корпуслари, шинам ошхона, бассейн, сауналар, спорт зали ва майдончалари, пиёда юриш учун яшил зоналар – буларнинг барчаси ходимларнинг яхши дам олиши ва тикланиши учун мунтазир.
Шунингдек, журналистлар "Металлург" Маданият уйи ва ОКМК спорт мажмуаси фаолияти билан танишдилар, бу ерда комбинат ходимларининг фойдали дам олишлари, ижодий ва спорт қобилиятларини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Пресс-тур якунида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш акцияси бўлиб ўтди.
Ҳамкорлик материаллари
Изоҳлар мавжуд емас