Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг илк ойида Ўзбекистон истеъмол секторида нархлар ўртача 0,7 фоизга кўтарилди. Асосий инфляцион босим озиқ-овқат маҳсулотлари ва пуллик хизматлар соҳасида кузатилган. Айниқса, айрим полиз маҳсулотлари ва суғурта хизматларида кескин ўсган.
Январь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 0,8 фоизга қимматлашди. Нархлар ошиши бўйича қуйидаги маҳсулотлар етакчилик қилди:
• Булғор қалампири: 18,5 фоиз (Энг юқори ўсиш)
• Банан (6,3 фоиз)
• Лимон (4,9 фоиз)
• Узум (3,4 фоиз)
• Олма (2,1 фоиз).
Гўшт маҳсулотлари ҳам қимматлашган. Қўй гўшти 1,6 фоизга, парранда гўшти 1,5 фоизга ва мол гўшти 1,0 фоизга ошган.
Кундалик маҳсулотлардан қовоқ 4,2 фоиз, картошка 1,9 фоиз, сабзи 1,8 фоиз кўтарилган.
Хизматлар соҳасидаги ўсиш ҳам 0,8 фоизни ташкил этган бўлса-да, айрим йўналишларда нархлар бир неча баробарга ошган. Шахсий транспорт воситаларини суғурталаш нархи кутилмаганда 381,8 фоизга ошган.
Мобил алоқа хизматлари 2,4 фоиз, такси кира ҳақи 0,6 фоиз ва АИ-92 бензин 0,6 фоиз, пропан 8,9 фоизга, тилла никоҳ узуклари эса 7,0 фоизга қимматлашган.
Гарчи нархлар ошган бўлса-да, йиллик инфляция кўрсаткичи (107,2 фоиз) ўтган йилнинг мос даврига (109,9 фоиз) нисбатан пастроқ суръатда қолмоқда.
Статистика қўмитаси 419 турдаги маҳсулот ва 98 турдаги хизматларнинг 1,2 млнга яқин нархларини ўрганиб чиққан.
Нархлар ошиши фонида фақат помидор (-2,1 % фоиз) ва гуруч (-1,8 фоиз) арзонлашгани инфляцияни бир оз жиловлаб турган.
2025 йил ноябрь ойида ҳам истеъмол нархлари ўртача 0,7 фоизга ошганди, йиллик инфляция эса 107,5 фоизни ташкил этган эди.

Изоҳлар мавжуд емас