Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Келаётган дам олиш кунлари ўзбекистонликларни ёмғирли ва совуқ об-ҳаво қарши олади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
“Ўзгидромет” маълумотига кўра, бугунги кундан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво масслари кириб келиши бошланган.
Бугун ва дам олиш кунлари республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. 30 ноябрь ва 1 декабрда айрим жойларда ёмғир қорга айланиши мумкин.
Ўзбекистоннинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 29 ноябрь ва 1 декабрда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди. Кечаги 20-23 даража илиқдан сўнг, бугун кундузи ҳарорат 10-15 даража илиққача, якшанба куни эса 3-8 даража илиққача пасаяди. Республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши мумкин.
Тошкентда 29 ноябрь - 1 декабр кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 1 декабрда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор.
Бугун кундузи ҳарорат 13-15 даража илиқ, эртага 30 ноябрда 7-9 даража илиқ, якшанда куни 1 декабрда 5-7 даража илиқ бўлади. Ҳарорат асосан кечалари 5-7 даража илиқ бўлади.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан бироздан ўртача тезликгача эсади.
Изоҳлар мавжуд емас