Деярли ҳар кун ижтимоий тармоқларда Божхона органлари ҳодимлари томонидан у ёки бу турдаги контрафакт маҳсулотларнинг мамлакатимиз худудига кириб келишини олдинини олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўқиб борамиз. “Контрафакт” нима дегани, нима учун бу муаммони ечимида жамоат назорати муҳим ва бу борада рақамли маркировка тизимининг ўрни ҳақида Божхона институти кафедра доценти, кимё фанлари номзоди, доцент Зафар Садиков билан суҳбатлашдик.
1. «Контрафакт» - нима? Тушунчага изоҳ берсангиз.
Дунёнинг барча ривожланган ва ривожланаётган давлатлар қатори Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиётига ва аҳолининг саломатлигига жиддий хавф солаётган асосий омиллардан бири – бу мамлакатга ноқонуний йўллар билан сифатсиз товар-моддий бойликларини олиб кирилишидир.
Мана неча йилдирки, ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизга товарларнинг ноқонуний оқимини чеклаш, ички истеъмол бозори, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатлари ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, жаҳон стандартларига жавоб берадиган рақобатбардош товарлар ишлаб чиқаришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда, мамлакатимиз иқтисодиётига бўлаётган энг асосий таҳдидлардан бири, хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган контрафакт товарларни республикага кириб келиши ва ички ҳудудларда хуфёна тайёрланиши бўлиб, ушбу салбий ҳолатларга қарши курашиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Юқорида айтилган тадбирларни жонлантиришимиз учун бўлажак божхона ходимлари, шунингдек жойларда фаолият олиб бораётган ходим ва маъсуллар, авваламбор, “контрафакт товарлар, контрафакция” тушунчалари маъноси ва мазмун-моҳияти бўйича бирор-бир тушунчага эга бўлиши лозим.
“Контрафакт” маҳсулотлар тушунчаси “интеллектуал мулк” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ бўлганлиги боис авваллам бор интеллектуал мулк ва унинг объектлари нима деган саволга тўхталамиз.
Интеллектуал мулк объектлари жумласига қуйидагилар киради:
1) интеллектуал фаолият натижалари:
-
фан, адабиёт ва санъат асарлари;
-
ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари;
-
компьютерлар учун дастурлар ва маълумот базалари;
-
ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари;
-
селекция ютуқлари;
-
ошкор этилмаган ахборот, шу жумладан ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау).
2) фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар:
-
фирма номлари;
-
товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари);
-
товарлар чиқарилган жой номи.
2. Контрафакт ўзи нима? Божхона тизимида бу муаммо билан қандай кураш олиб борилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси норматив ҳужжатларида “контрафакт” тушунчаси бир неча норматив ҳужжатларда белгиланган.
Жумладан: Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида” ги қонунининг 62-моддасида:
“Асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг такрорланиши ёки тарқатилиши муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузган ҳолда амалга ошириладиган нусхалари контрафакт нусхалардир.
Ушбу Қонунга мувофиқ муҳофаза қилинадиган асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг бундай асарларни ва турдош ҳуқуқлар объектларини муҳофаза қилиш тўхтатилган ёки ҳеч қачон муҳофаза қилинмаган давлатлардан ҳуқуқ эгаларининг розилигисиз импорт қилинадиган нусхалари ҳам контрафакт нусхалардир”деб белгиланган.
Бу билан дунёдаги ривожланган давлатлар қатори Қонунчилигимизда машҳур “контрафакт” тушунчаси ўз ифодасини топганлигини кўришимиз мумкин.
Контрафакция (лотинча – “contrafactio” сўзидан олинган бўлиб, қалбаки деган маънони билдиради) – баъзи фирмалар томонидан ўз товар белгиларида бошқа фирмаларнинг машҳур, ҳаридоргир товарларида акс эттирилган белгиларни ифода этиб фойдаланиш ва шу тариқа ҳаридорни чалғитиб, нопок рақобатни авж олдириш мақсадини кўзлаш тушунилади.
Демак, контрафакт – интеллектуал мулк ҳуқуқини бузиш деган маънони англатади. Шундан келиб чиқиб “контрафакт” сўзи – муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш маъносида ишлатилади. Бугунги кунда “контрафакт” сўзи ўрнида тез-тез "пиратский" (қароқчилик маҳсулоти) ибораси ишлатилиб, бу сўз ҳам инглиз тилидан "piracy" - интеллектуал мулк ҳуқуқини бузиш маъносида қўлланилади.
Бугунги кунда интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли давлат органлари, хусусан божхона органлари олдига ҳам ўта масъулиятли вазифалар қўйилган. Ушбу вазифаларни бажаришда Давлат божхона қўмитаси ва Интеллектуал мулк агентлиги контрафакт товарларнинг республика ҳудудига ноқонуний олиб кирилишини олдини олишда ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон ҳудудига интеллектуал мулк соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда контрафакт маҳсулотларнинг олиб кирилиши ва уларнинг ноқонуний муомалага киритилишини олдини олиш мақсадида қўшма тадбирлар режаси ва идоралараро шартномалар тузиш, ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, маълумотларни умумлаштириш, контрабанда йўли билан олиб кириш ва тарқатиш манбаларини аниқлаш каби чоралар ҳамкорликда амалга оширилса ўзининг ижобий натижаларини беради.
Айнан божхона органларининг фаолиятида контрафакт товарларнинг ноқонуний муомаласини олдини олишнинг ҳуқуқий асосларини кўрадиган бўлсак, бу борада соҳамизга оид бир қатор қонун ва қонун ости ҳужжатларда ушбу масалага алоҳида урғу берилганлигини кўришимиз мумкин.
Хусусан, амалдаги Божхона кодексининг 56-бобида, 12 та модда яъни 382-моддасидан 393-гача бўлган моддаларида божхона органлари томонидан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича нормалар белгилаб берилган бўлиб, божхона органлари ўз ваколатлари доирасида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш чораларини кўради.
Хусусан, божхона органлари божхона ҳудудига олиб кириладиган ва божхона назорати остида турган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилганлик белгилари мавжуд бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриши тўғрисидаги қарорни бекор қилиши мумкин.
Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича нормаларни амалиётга жорий қилиниши:
Биринчидан, соғлом савдо муҳитини шаклланишига кўмаклашса;
Иккинчидан республика инвестицион муҳитини яхшилаб, инновацион технологияларни олиб кириш ва инвестициялар киришига ёрдамчи восита ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳозирги кунда Интеллектуал мулк объектларининг электрон божхона реестри юритилмоқда ва ушбу реестрга интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар қўлланилиши тўғрисида қарор қабул қилинган интеллектуал мулк объектлари киритилади.
Бунинг учун, дастлаб ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили Божхона кодексининг 385-моддаси асосида Давлат божхона қўмитасига интеллектуал мулк объектларини Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш тўғрисида ариза беради. Ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади ва мазкур реестрга киритиш тўғрисида ёки киритишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади.
Ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритилганидан кейин интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида, божхона органларига божхона назорати остида турган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш бўйича чоралар кўрилиши учун мурожаат қилиши мумкин бўлади.
Божхона органлари томонидан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бузилганлигининг белгилари мавжуд бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш Божхона кодексининг 385 ва 388-моддаларида назарда тутилган шартларга риоя этган ҳолда амалга оширилади. Яъни интеллектуал мулк объектлари Давлат божхона қўмитасининг Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритилган бўлишлиги ва ҳуқуқ эгаси ёки унинг ваколатли вакили томонидан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш тўғрисида Божхона кодексининг 388-моддаси асосида Давлат божхона қўмитасига ариза тақдим этиши лозим бўлади. ДБҚ аризани кўриб чиқади ва товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш тўғрисида ёки уни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Агар, ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг аризасига кўра, божхона органлари томонидан товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинса, қарор қабул қилинган кундан эътиборан товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб тўриш ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга амалга оширилади.
Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бузилганлигининг белгилари бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туриш, ҳуқуқ эгасининг ёки унинг ваколатли вакилининг суд органларига мурожаат қилиши ва суднинг ишни судда кўриш тайинланганлиги тўғрисидаги ажримини божхона органларига тақдим этиш мақсадида амалга оширилади.
3. Маркировка тизимининг жорий этилиши божхона тизимига қандай ёрдам бера олади?
Юқорида келтирилган тартибларни қўллаш мамлакатимизга контрафакт товарларни кириб келиш ҳолатларини камайишига олиб келди. Лекин бу билан ҳали бозорларимиз сифатсиз, қалбаки маҳсулотлардан ҳоли дегани эмас. Чунки кўп ҳолларда ҳақиқий товар эгалари ўз ҳуқуқлари бузилиш ҳолатларини билмай қолади. Шунинг учун улар томонидан ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича божхона органларига мурожаат қилолмайдилар.
Ҳозирги кунда хорижий давлатларда қалбаки товарлардан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида турли хил маркировкалаш тизимлари жорий этилган.
Ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида «CRРТ ТURON» масъулияти чекланган жамият томонидан ишлаб чиқилган янги рақамли маркировкалаш тизими республикамиз аҳолисини сифатсиз ва қалбаки товарлардан ҳимоя қилишда катта аҳамият касб этади.
Рақамли маркировкалаш тизимини амалиётга жорий қилиниши божхона органлари фаолиятига ҳам анча қулайликлар яратади. Шу билан бирга республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини ривожланишига, иқтисодиётнинг ривожланиши ва энг муҳим жиҳати аҳоли саломатлигига зарар етказувчи маҳсулотларни кириб келишини олди олинади.
4. Бугунги кунда мамлакатимизга ноқонуний тарзда олиб кирилаётган маҳсулотлар гуруҳларига мисоллар келтиринг?
Барчамизга маълумки, контрафакт товарларнинг муомалага киритилиши оқибатида, республикамиз иқтисодиётига жиддий зарар етказган ҳолда, истеъмолчилар ҳуқуқларини қўпол равишда поймол бўлишига, мамлакатимизда носоғлом рақобатни вужудга келишига ва иқтисодий диверсия шаклланишига сабаб бўлмоқда.
-
Контрафакт товарларнинг мамлакат иқтисодиётига зарарини қуйидагиларда кўришимиз мумкин:
-
Товар белгиси эгалари бозордаги улушини (фойдасини) йўқотади ва машҳур брендлар обрўсизланади;
-
Истеъмолчилар сифати анча паст, соғлиққа зарар етказиши мумкин бўлган товарларга эга бўладилар;
-
Давлат инвесторлар ишончини йўқотади;
-
Давлат ғазнасига солиқлар ва божлар тушуми камаяди.
Мамлакатимизга расмий импорт қилинган товарларнинг Хитойда ишлаб чиқарилган товарлар ташкил этаётган бўлсада, ички ҳудудларда фаолият олиб бораётган бозор ва дўконларда сотилаётган товарлар, парфюмерия маҳсулотлари, кийим кечак, дори-дармон ва тиббиёт воситалари, болалар ўйинчоқлари, автоулов эҳтиёт қисмлари, канцелярия товарлари, асосан, СD ва DVD форматда ёзилган материаллар, уяли алоқа воситалари ва маиший техника буюмларининг ёрлиқларида уларнинг ишлаб чиқарилган мамлакати сифатида Италия, Франция, Германия ва бошқа етакчи давлатлар кўрсатилган.
5. Қалбаки маҳсулотлар билан курашишда жамоат назорати қай даражада муҳим?
Албатта қалбаки маҳсулотларга қарши курашишда жамоат назорати муҳим ўрин эгаллайди. Чунки жамоат бу истеъмолчи, демак маҳсулотларнинг ижобий ва салбий жиҳатларига баҳо берадиган ҳам айнан истеъмолчилар ҳисобланади. Биз қалбаки товарларга қарши курашиш борасида қанчалик кўп норматив-хужжатлар ишлаб чиқмайлик ёки қанча назорат қилувчи органларни кўпайтирмайлик агар жамоат назоратини йўлга қўймасак ижобий натижаларга эришиш мушкул бўлади. Агар ривожланган ҳорижий давлатлар тажрибасига назар солсак, жамоат назоратини кенг жорий этилганлигини кўришимиз мумкин. Мисол учун, агар истеъмолчи томонидан маҳсулотларни харид қилишда уларнинг сифати ва хақиқийлигига шубҳа туғилса бундай салбий ҳолат юзасидан дарҳол керакли ташкилотларга хабар қилинади.
Мамлакатимизда ASL BELGISI рақамли маркировкалаш тизимини жорий қилиш, аҳолини хуқуқий онгини ошириш, шу билан бирга уларга ASL BELGISI мобил (Android, Apple) иловаси тўғрисида маълумот бериш ва ундан фойдаланишни одатий ҳолга айлантириш - бугунги кундаги долзарб вазифалардан ҳисобланади. Бу борада мазкур тизимни имкониятларини кенг оммага етказиш орқали ижобий натижаларга эришилади.
6. Яна қайси турдаги маҳсулотлар мамлакатимизда маркировка қилиниши керак деб ўйлайсиз?
Мени фикримча, аслида барча истеъмол товарларини маркировкалаш лозим. Чунки маҳсулотларни буниси зарали буниси зарарли эмас деб айтиб бўлмайди. Битта мисол келтирмоқчиман: ўтган асрнинг 90-йилларида мамлакатимизга пластмасса оёқ кийимлар (тапочка) кўп миқдорда олиб кирилди. Деярли барча хонадонга бу товарлар кириб борди. Энг ачинарли жиҳати шундаки, ушбу оёқ кийимларни кийган аҳолининг аксарияти ясси товонлик (плоскостопия) касаллигини орттириб олди. Генетикадан бизга маълумки бундай касалликлар авлоддан авлодга ўтади. Мана шу биргина мисол орқали контрафакт маҳсулотларнинг салбий оқибатлари нақадар даҳшатли эканлигини англаш мумкин.
Албатта бирданига барча маҳсулотларни маркировка қилиш анча вақт ва маблағ талаб этади. Шунинг учун биринчи навбатда озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, болалар кийимлари, ўйинчоқлар, парфюмерия-косметика маҳсулотлари ҳамда гигиена воситаларини маркировка қилиш лозим.
7. Фурсатдан фойдаланиб, Давлат Божҳна Қўмитасининг барча ходимларини бугунги касб байрамлари билан марикровка тизими оператори “CRPT TURON” МЧЖ номидан табриклаймиз! Ишларингизда зафарлар доимо ёр бўлсин!
Изоҳлар мавжуд емас