Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистон ҳарбий- тарихий жамияти Путинга Москва ва Санкт-Петербургдаги бир қатор кўчаларни Ўзбекистон ССРдан фронга чақирилган жангчилар, Совет иттифоқи қахрамонлари номлари билан аташни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳарбий-тарихий жамияти Россия Президентидан Москвада Ўрта Осиё совет республикаларидан (Ўзбекистон ССР, Қозоғистон ССР, Тожикистон ССР, Туркманистон ССР) чақирилган аскарлар жасоратига бағишланган ёдгорлик мажмуасини қуриш учун рухсат олишга кўмаклашишни сўраган. Ёдгорлик федерал бюджети маблағларидан эмас, балки хайрия ҳисобидан яратилади.
Бундан ташқари, 2020 йилда жамият урушда иштирок этган давлатлар ҳудудида бедарак йўқолган ўзбекистонликлар қидирувини ташкил этиш ва унда иштирок этиш, Ўзбекистон ССРдан чақирилган аскарлар дафн этилган жойларининг интерактив харитасини тузиш, Ватанни ҳимоя қилишда вафот этган ва бедарак йўқолган ўзбекистонликларнинг исми-шарифи ва тақдирини аниқлашда иштирок этиш ниятини билдирган.
Ўзбекистон ҳарбий- тарихий жамияти бошқа режалар қаторида Улуғ Ватан урушида Ўзбекистон ССРдан иштирок этганларнинг ҳарбий-тарихий мавзуси билан боғлиқ бўлган маданий ва ҳарбий-тарихий мерос, қолаверса архив, музей ва кутубхона фондларини тўплаш, тизимлаштириш ва сақлаш учун янги музей, кўргазма мажмуалари, тарихий ва маданий марказ ҳамда бирлашмалар яратишни режалаштирган.
Эслатиб ўтиш жоизки, фашизмга қарши курашда Ўзбекистон ССРнинг 600 мингга яқин аскари ўз ҳаётини қурбон қилган. Жами республиканинг бир ярим миллион фуқаролари фронтга кетган, шундан 640 минг киши ярадор бўлган. Республикада 15 та девизия ва бригадалар тузилган ҳамда аскарлар билан таъминланган. Уруш йилларида 120 минг киши турли орден ва медаллар билан тақдирланган, шундан 338 таси Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари унвонига сазовор бўлган, 53 киши "Шон-шараф" ордени олган.
Уруш йилларида Тошкент ва умуман бутун республика уруш бўлган ҳудудларидан эвакуация қилинган бир ярим миллион киши учун иккинчи уйга айланган, 300 минг етим болалар бу ерда янги оилаларини топишган. 1941 йилнинг куз фаслида СССР Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари, жумладан шарқшунослик, жаҳон адабиёти, тарих ва бошқалар Тошкентга эвакуация қилинган.
1942 йилга келиб республикага кўчирилган 100га яқин саноат корхоналари тўла қувват билан ишлай бошлаб, фронтга ҳарбий техника, ўқ-дори ва жиҳозларни етказиб берган. Уларда 11 соат давомида ҳар куни сафарбар қилинган 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган эркаклар ҳамда 16 дан 45 ёшгача бўлган аёллар меҳнат қилишган. Ишчи кучининг етишмаслиги туфайли 12 ёшдан катта ўсмирлар ҳам меҳнатга жалб қилинган.
Изоҳлар мавжуд емас