Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда 14 сентябрь куни янги ўқув йили бошланади. Batafsil.uz мухбири мамлакат таълим муассасаларини касаллик ўчоғига айлантирмаслик учун нима қилиш лозимлигини тушуниш учун тиббиёт фанлари доктори, юқумли касалликлар мутахассиси, кардиолог ва “Роспотребнадзор”нинг Марказий илмий тадқиқот институти клиник тадқиқотлар бўлими раҳбари Татьяна Руженцова билан суҳбатлашди.
- 14 сентябрдан Ўзбекистонда мактаблар очилмоқда. Пандемия шароитида таълим жараёнини ташкил этиш бўйича қандай тавсиялар билан ўртоқлашишингиз мумкин?
– Биринчидан, турли синфлар учун оммавий тадбирлар ва йиғилишларни ўтказмаслик ва ўзаро алоқаларни имкон қадар камайтириш лозим. Асосий тавсия шуки, иложи борича турли синф ўқувчилари ўртасидаги алоқаларни истисно қилиш зарур.
Жадвал болаларнинг мактабга киришида ҳам, чиқишида ҳам мулоқот қилмасликлари учун мўлжалланган бўлиши керак. Бу борада турли корпуслар ёки турли кириш жойларидан фойдаланиш мумкин.
Бемор болалар ва ходимларнинг машғулотлар ўтказиладиган биноларга киришининг олдини олиш ўта муҳим ва мажбурий бўлиши лозим. Бу ҳар қандай нафас олиш белгилари ва иситма қилиш ҳолатлари учун тегишлидир. Бунинг учун таълим муассасаларига кираверишда қаттиқ назоратни ташкил қилиш, нафақат ҳароратни ўлчайдиган, балки йўтал, тумов ва бошқа шу каби касаллик белгиларини аниқлай оладиган тиббиёт ходимлари бўлиши керак.
Бундан ташқари, ҳар куни дарслардан кейин биноларни дезинфекция қилиш керак. Умуман олганда, болалар физика, кимё, мусиқа ва бошқа фанлар оралиғида мактаб ичида юрмасдан, шу синфда ўқишлари маъқул.
Энг асосийси, болалар ўз синфида ёки бошқа синф ўқувчилари билан алоқа қилмасликлари керак. Бунда ўқитувчилар ва бошқа ходимлар ниқоб ва қўлқоплардан фойдаланишлари лозим. Ёзув ручкаси ёки ҳужжатлар билан ишлайдиган ходимлар бу талабга айниқса қатъий риоя қилишлари мақсадга мувофиқ.
Агар кун давомида бола ёки ходимда нафас олиш инфекцияси белгилари намоён бўлса, улар дарҳол ажратилиши керак. Бунинг учун мактаблар ковидга гумон қилинган кишилар учун махсус хона яратиши керак.
Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, дарслар ўтказиладиган биноларни шамоллатиб туриш, ҳаво оқими ва қуёш нурининг эркин кириб келишини таъминлаш зарур. Дарслар бўлиб ўтадиган синф хоналарида бунга халақит берадиган пардалар ва гулларни олиб ташлаш, яъни ультрабинафша нур ва ҳавонинг максимал тарзда киришини таъминлаш керак.
Машғулотларнинг бир қисмини ташқарида ўтказиш мумкин. Масалан, жисмоний тарбия дарсларини юқиш хавфи жуда юқори бўлган залларда эмас, балким стадионларда ўтказиш тавсия қилинади.
Россияда аксарият таълим муассасалари, яъни мактаб, боғча, коллеж ва ОТМлар 1 сентябрь куни очилди. Ҳукумат ўқув йилини онлайн ёки анъанавий шаклда бошлаш борасидаги танлаш ҳуқуқини ҳудудларга берди. Энг асосийси, мактабларда санитария-эпидемиология талабларига риоя этилишини қатъий назорат қилиш муҳим.
Изоҳлар мавжуд емас