Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Инновацион ривожланиш вазирлиги маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг нархи бўйича маълумотларни очиқламаслик тўғрисидаги давлатлараро шартнома имзоланган.
“ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг нархи бўйича маълумотларни очиқламаслик тўғрисидаги давлатлараро шартнома имзоланган. Лекин шунга қарамай, Ўзбекистон мазкур вакцинанинг ҳаммуаллифи бўлгани ва вакцинанинг III-фаза синовларида фаол иштирок этгани боис вакцина ишлаб чиқариш нархларида Ўзбекистонга сотилди, деган маълумотни беришимиз мумкин. Яъни Ўзбекистон томонидан вакцинанинг фақатгина ишлаб чиқариш харажатлари қопланяпти”, - дея хабар бермоқда вазирлик.
1 миллион дозадан иборат ушбу вакцинанинг биринчи партияси 27 март куни Ўзбекистонга олиб келинган. Бу Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган ва Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши янги рекомбинатли вакцина ҳисобланади. Унинг клиник тадкикотлари ўзбек олимлари билан хамкорликда олиб борилган.
Вакцинани ишлаб чиқиш давомида коронавируснинг ташқи оқсили биотехнологик усул билан синтезланиб, у организмга киритилганда бу оқсилга нисбатан иммун жавоб ҳосил бўлади. Бундай вакциналар бошқа турдагиларга нисбатан энг юқори хавфсизлик профилига эга ҳисобланади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги илғор технологиялар Маркази лабораторияси раҳбари Дилбар Долимованинг сўзларига кўра, вакцина маълум муддат Хитойдан олиб келинади, бироқ яқин келажакда уни Jurabek Laboratories қўшма корхонасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Бугунги кунда ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг 3-босқич синовлари доирасида 7000 дан ортиқ киши эмланиб, ҳар бир кўнгиллининг ҳолати тўлиқ мониторинг қилинмоқда. Ўтган йилнинг декабрь ойидан бери олиб борилган тадқиқотлар давомида кўнгиллиларда жиддий ён таъсирлар аниқланмаган.
Бу вакцина ЖССТ талабларига кўра Ўзбекистонда 3-босқич синовларидан ўтган ягона вакцинадир. Шунингдек, бу Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази рўйхатидан ўтган ягона вакцина ҳисобланади.
Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шахло Турдиқулованинг айтишича, ZF-UZ-VAC 2001 АҚШнинг “Moderna” вакцинасига нисбатан Британия ва Жанубий Африка штаммларига қарши олти марта кучлироқ бўлиб чиққан.
Унинг таъкидлашича, вакцинанинг деярли ҳеч қандай ён таъсири мавжуд эмас. Агар вакцинанинг самарадорлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг иммуногенлиги 97 фоизни ташкил қилади ва иккинчи дозадан кейин антитаначалар ишлаб чиқариш даражаси 11 мартага ошади.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас