Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш тадбири якунланди. Натижалар қачон эълон қилинади?
Жамият

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш тадбири якунланди. Натижалар қачон эълон қилинади?

27

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон тарихида илк бор тўлиқ рақамлаштирилган асосда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири муваффақиятли якунланди. Президентнинг 2025 йилдаги тегишли фармонига мувофиқ, жараён икки босқичда — онлайн ва уйма-уй юриш шаклида ташкил этилган.

Биринчи босқичда (15–31 январь) census.stat.uz портали орқали ўтказилган онлайн сўровномада аҳолининг 82,3 фоизи (30 миллиондан ортиқ киши) мустақил равишда иштирок этган.

Иккинчи босқичда эса (4–28 февраль) онлайн рўйхатдан ўтмаган фуқаролар маҳалла еттилиги томонидан планшетлар ёрдамида қамраб олинган. Натижада республика бўйича жами 8,3 миллионта хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилган.

Маълумотлар ҳаққонийлигини текшириш мақсадида танланма асосида хонадонларнинг 10 фоизигача бўлган қисмида қайта назорат кузатувлари ўтказилиши режалаштирилган.

Рўйхатга олиш жараёнида ҳар бир шахснинг маълумотлари ЖШШИР (ПИНФЛ) орқали назорат қилиниб, такрорийлик ҳолатлари тизим томонидан автоматик равишда бартараф этилди. Барча шахсий маълумотлар криптографик усулда шифрланган ва қайта ишлашдан олдин шахссизлантирилади, бу эса фуқароларнинг махфийлигини тўлиқ кафолатлайди.

Йиғилган улкан ҳажмдаги маълумотларни мантиқий ва техник текширувдан ўтказиш муддати халқаро тажрибага кўра бир неча йилгача чўзилиши мумкин бўлса-да, Ўзбекистонда рақамли тизим туфайли бу жараён тезлаштирилган.

Дастлабки натижалар 2026 йил 1 июлга қадар якуний ва тўлиқ таҳлиллар 2027 йил 1 июлга қадар эълон қилиниши белгиланган.

Ҳозирча рўйхатга олишдан четда қолган фуқаролар 1851 қисқа рақамли call-марказига мурожаат қилишлари мумкин.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...