Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев Batafsil.uz.га берган интервьюсида Ўзбекистон нима учун атом электр станциясини қурмоқчи эканлиги ва у ерда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг тан нархи қанча бўлиши ҳақида айтиб берди.
"Ушбу лойиҳанинг иқтисодиёти билан танишганимда, АЭСда ишлаб чиқарилган 1 кВт/соат ГЭС ёки иссиқлик электр станциясида ишлаб чиқарилган 1 кВт/соатга тенг бўлади, деган хулосага келдим. Бироқ ушбу объектлар 30 йил олдин эмас, балким ҳозир қурилаётган бўлиши керак. Масалан, қуввати 200 ёки 400 МВт бўлган шартли гидроэлектростанциянинг қурилиши бошланса, уни қуриш харажатлари ва кейинги 1 кВт/соат тан нархи атом электр станциясининг кўрсаткичлари билан тенг бўлади", - деди у.
Хўжаевнинг айтишича, иссиқлик энергияси ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда ҳамма нарса ёқилғи нархига, яъни табиий газга боғлиқ. Агар ҳозирги нархни оладиган бўлсак, яъни 1000 кубометр 65 долларни ташкил этса, унда ИЭСларда электр энергиясининг тан нархи камроқ бўлади, агарда уни дунё бўйича ўртача кўрсаткич билан таққосласак, масалан, 150-200 доллар юзасидан кўриб чиқсак, унда атом энергияси албатта ғолиб чиқади.
Шу билан бирга, вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Европада газ қувурларининг кенг тармоғи мавжудлиги ва Россияда нисбатан арзон газ борлигига қарамай, бу давлатларда атом электр станциялари фаолият олиб боради ва уларда ишлаб чиқарадиган энергия иссиқлик электр станцияларига қараганда арзонроқдир. Ўрта муддатли истиқболда, ички бозорда иссиқлик электр станциялари учун табиий газ нархини ҳисобга олсак, бунда Хўжаевнинг фикрича, атом энергиясининг нархи деярли бир хил бўлади.
"Мен ёлғон гапирмасдан кўпгина мутахассислар таъкидлаган муҳим бир фикрга тўхталмоқчи эдим. Қоплаш муддати ва инвестицияларни қайтариш деган тушунчалар бор, уни қисқартириш ёки узайтириш мумкин. Бу станциядан фойдаланишга боғлиқ. Масалан, 25 йил ишлайдиган иссиқлик электр станцияси бор дейлик. Агар сармояни қайтариш учун 20 йил муддат белгиласангиз, электр энергиясига маълум нарх қўйилади. Агар 15 йил бўлса - демак, табиийки нархи юқорироқ бўлади, 10 йил ёки ундан ҳам юқори муддатда нархи яна ошади", - деди суҳбатдошимиз.
Унинг сўзларига кўра, кўпинча инвестор биринчи 10 йил учун максимал тарифни белгилайди ва объект тан нархини қоплаганидан кейин уни кескин пасайтиради. Агар иссиқлик электр станциясининг хизмат қилиш муддати 25 йил ва 60 йил ишлайдиган атом электр станциясига инвестицияларни таққосласак, унда 1 кВт/соат учун нарх бир хил бўлади.
"Энди АЭСга бошқа томондан қарайлик. Илгари биз ушбу лойиҳа ҳақида бизнес нуқтаи назаридан гаплашардик – яъни инвестиция қиламиз ва даромад оламиз, дердик. Атом энергетикаси кўплаб соҳаларни ортидан эргаштиради. Бу нафақат кадрлар тайёрлаш ёки янги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни назарда тутади. Фундаментал фан, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплар тармоқлар тараққий этади",- деди Хўжаев.
Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон шундай географик жойлашувга эгаки, у ерда бутунлай қайта тикланадиган энергетикага қараб туриб бўлмайди. Бизнинг иқлим шароитда қишда қуёш электр станцияси ёзга қараганда тўрт баравар кам энергия ишлаб чиқаради. Буни халқаро тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди.
“Маҳаллий гидроэнергетикамиз қорнинг эришига асосланган, яъни унинг асосий цикли баҳор-ёз фаслидан иборат. Қишда тоғларда қор тўпланади, ёзда эрийди, биз ундан электр энергиясини ишлаб чиқарамиз. Бизда кўп йиллик циклга эга йирик сув омборлари йўқ. Натижада йил давомида барқарор электр энергияси ишлаб чиқарилмайди. Шунинг учун мамлакатда асосий энергия манбаи иссиқлик энергиясидир - биз кўмир ва газдан фойдаланамиз. Ҳозир биз ўзимизга савол беришимиз керак: агар 25 йил ичида газ тугаб қолса, кейин нима қиламиз?", - деди вазир ўринбосари.
Унинг фикрига кўра, бундан кейин мамлакатда газни ёқиш самарасиз бўлади, чунки газ бошқа кимёвий маҳсулотларни олиш учун керакдир. Газ кимёси бутун дунёда фаол ривожланмоқда.
"Қуёш ва шамол энергетикаси ҳозирча мамлакат учун тўлақонли муқобилга айланиши мумкин эмас. Биз қишда барча эҳтиёжларимизни қоплайдиган кўп қуёш электр станцияларини қура олмаймиз. Бошқа бир томондан, ёзда ортиқча энергия бизга нега керак? Инвесторга қишда энергияни тўлиқ, ёзда эса эса тўртдан бирини сотиб оламиз, деб электр станциясини қуриб бўлмайди. Бундай шароитда хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг иложи йўқ ", - деди Хўжаев.
Шунинг учун, Хўжаев аминки, бизга метеорологик шароитлар ва мавсумга боғлиқ бўлмаган ҳамда йил бўйи фойдаланиш мумкин бўлган мувозанатли энергия қувватлари зарур. Шу нуқтаи назардан, атом энергияси энг мақбул ҳисобланади. Агар бошқа муқобил пайдо бўлса, эҳтимол Ўзбекистон ҳам бу йўлдан бориши мумкин.
Шунингдек, Ходжаевнинг қўшимча қилишича, потенциал пудратчи билан атом электр станциясини қуриш бўйича музокаралар ҳали якунланмаган.
"Ҳа, бу шартлар бизни қониқтиради, дейиш учун шартномани тайёрлашга бироз кўпроқ вақт керак бўлади. Афсуски, биз ҳали тайёр эмасмиз. Бир томондан, жараённинг узоқ давом этаётгани яхши эмас. Иккинчи томондан, ҳар-бир музокарадан кейин Ўзбекистон томони учун шартлар тобора мақбуллашмоқда. Айрим пайтда бироз кейинроқ қилиш афзалдир. Чунки қулай шартлар юзага келиши мумкин. Ҳозирда бу учун айни муддаодир", - деди у.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳозирда лойиҳанинг барча жабҳалари Ўзбекистон ва Россия томонлари ўртасида батафсил муҳокама қилинмоқда.
"Менинг тушунишимча, яхши шартнома дегани - уни имзолаш, жавонга қўйиш ва бошқа у ердан олмасликни англатади. Унда ҳаммаси батафсил, аниқ ва равон ёзилиши керак. Энг муҳими, ҳар иккала томон ушбу шартнома ўзаро манфаатли эканлигини нафақат англаши, балки унга ишониши керак. Биз ҳозирда бу борада ишлаяпмиз, шартномани ўзаро фойдали ва тафовутларсиз тузмоқчимиз. Ҳам техник, ҳам молиявий жиҳатлар кун тартибида турибди. Айтишим мумкинки, биз шартноманинг барча тафсилотларини муҳокама қилишнинг охирига етмоқдамиз. Бироқ, унга имзо чекишга тайёр эмасмиз", - деди у.
Шу билан бирга Хўжаевнинг фикрича, икки мамлакат расмийлари мутахассислар ва тегишли тузилмалар олдида кескин шартларни қўймаётганликлари жуда муҳимдир.
"Мамлакат раҳбарияти томонидан бир вазифа қўйилган - шартнома Ўзбекистон манфаатларига жавоб бериши керак. Бизнинг вазифамиз - уни шу тарзда шакллантиришдир", - дея якунлади суҳбатдошимиз.
Изоҳлар мавжуд емас