Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда автомобилларни сертификатлаш соҳасига хусусий сектор жалб қилинади. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ("Ўзстандарт") га октябрь ойига қадар ушбу жараёнда иштирок этиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва транспорт воситаларининг мувофиқлигини баҳолаш қоидаларини қайта кўриб чиқиш вазифаси топширилган.
Аввалроқ "Ўзстандарт" Пскентдаги ўзига қарашли UzTest маркази полигонида импорт автомобилларни синовдан ўтказиш тўхтатилгани ҳақида хабар берганди. Қарор расмий импортчилар ва хизмат кўрсатиш марказлари сонининг кескин кўпайиши, шунингдек, аҳоли томонидан уларнинг хизматларига бўлган талабнинг ошиши билан изоҳланди.
Тегишли қарор Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш масалалари бўйича Идоралараро комиссия қарори асосида қабул қилинган. Ҳужжатда қайд этилишича, “UzTest”нинг мавжуд инфратузилмаси юкламани кўтара олмаяпти: полигонда уч ойгача бўлган навбатлар юзага келган, бу эса фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Шу билан бирга, Пскент полигонида тест синовлари бошланганидан кейин хорижий автомобилларнинг расмий савдосида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган.
Комиссия "Ўзстандарт"га октябрь ойига қадар хусусий сектор иштирокида мувофиқликни баҳолаш марказларини ташкил этиш бўйича аниқ таклифларни тақдим этиш, шунингдек, аккредитация тизимини такомиллаштириш бўйича ташаббусларни ишлаб чиқиш вазифасинт топширган.
Бундан ташқари, комиссия қарори билан тартибга солишда бир қатор ўзгартиришлар тасдиқланган. Хусусан:
• шахсий эҳтиёжлар учун импорт қилинадиган автомобиллар учун электромагнит мувофиқлик ва салонда зарарли моддалар чиқиндилари бўйича мажбурий синовлар бекор қилинган;
• юридик шахслар учун транспорт воситаси турини маъқуллаш тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддати уч йилдан беш йилга узайтирилган.

Изоҳлар мавжуд емас