Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда ипотека олиш шартлари яхшиланди. Масалан, бундан кейин хусусий қурувчидан бир хоналик квартира олиш учун ҳам ипотекадан фойдаланса бўлади. Бу ҳақида Молия вазирлиги маълумотлари асосида мухбиримиз хабар бермоқда.
Бу чора президентнинг “Ипотека кредити механизмлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Мазкур ҳужжат билан қўйидаги бешта ўзгартириш жорий қилинмоқда:
1. Аҳоли талабларини инобатга олиб, эндиликда Молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари хусусий пудрат ташкилотлари томонидан қурилган 1 хонали ҳамда хоналарга бўлинмаган ҳолда қурилган квартиралар учун ҳам ажратилишига рухсат берилмоқда. Бунда фуқароларга 1 хонали квартира сотиб олиш учун ипотека кредитлари бўйича давлат бюджетидан субсидия тўлаш кўзда тутилмоқда.
2. 2020 йил субсидиялар тўлашнинг мақсадли мўлжаллари доирасида истисно тариқасида фуқаролар томонидан ипотека кредитлари бўйича субсидиялар учун ариза топшириш муддатини жорий йилнинг 1 октябридан 31 декабрига қадар ва субсидияларни тўлаш муддатини 2020 йил 31 декабрдан 2021 йил 1 июлга қадар узайтирилмоқда.
3. Аҳоли зич жойлашган ҳудудлардаги уй-жойга бўлган юқори талабини инобатга олган ҳолда, жорий йилда Андижон, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида қўшимча 2 085 та субсидиялар ажратиш кўзда тутилмоқда.
4. Субсидия олувчи фуқаро даромадларини ҳисоблашда унинг ўзи, ота-онаси, хотини (эри) ва фарзандлари даромадлари йиғиндиси субсидия ажратиш бўйича белгиланган меъёрлардан кам бўлган тақдирда, бошқа жисмоний шахслар даромадларини ҳам қўшишга рухсат берилмоқда.
5. Субсидия олувчи фуқаро хабарномада кўрсатилган уй-жойнинг юқори қийматидан ошган квартира сотиб олаётганда, ушбу уй-жойни сотиб олишга ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори президентнинг 2020 йил 1 майдаги ПҚ-4701-сон қарорига мувофиқ белгиланади.
Бунда сотиб олинадиган уй-жой қийматининг ипотека кредити энг кўп миқдоридан ошган қисми қарз олувчининг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар, шу жумладан шаҳарларда бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия маблағлари ҳисобидан тўланиши белгиланмоқда.
“Президентнинг мазкур фармонида белгиланган вазифалар пандемия оқибатларини юмшатишга қаратилган амалий чора-тадбирларнинг мантиқий давоми бўлиб, ипотека кредитлашни кенгайтириш, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш ҳамда хусусий пудрат ташкилотларини уй-жойлар қуриш соҳасига кенг жалб қилиш юзасидан вазифалар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади”, -дея якунлади Молия вазирлиги.
Изоҳлар мавжуд емас