Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Таниқли амалиётчи- психолог Бобоёр Тўраевнинг фикрича, Ўзбекистонда коррупция муҳитини ўзгартириш учун уруғ-аймоқчиликка қарши кенг кўламли тадбирни режалаштириш, оддий фуқароларга коррупцияга қарши курашишда қатнашиш имконини бериш, шунингдек, яқинда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш зарур.
Эксперт Batafsil.uz мухбирига янги тузилган коррупцияга қарши курашиш тузилмаси тимсолида Ўзбекистон томонидан ушбу соҳадаги вазиятни тезда яхшилаш бўйича 10та оддий қадамни санаб ўтди.
Буни қандай амалга ошириш мумкин?
1. Агентлик ҳар бир мансабдор шахс ва раҳбарлар, шу жумладан, ҳатто Президентнинг ҳам мажбуриятлари бўйича ўзида қуйидагиларни акс этган қонун ёки Президент фармонини ишлаб чиқишни таклиф ёки талаб қилиши керак:
- қариндошлар ва дўстларни ҳокимият ёки давлат мулкига яқинлаштирмаслик;
- мансабдор шахсларнинг қариндошлари ва дўстларининг давлат ишлари, мамлакатнинг миллий ресурсларини тақсимлаш жараёнига аралашмаслиги;
- мансабдор шахсларининг барча қариндошлари ва дўстларини давлат идораларидан бўшатиш.
2. Мустақил журналистлар билан ҳамкорлик қилиш. Юқори мартабали мансабдор шахсларнинг жиноятчилар ва мафия билан алоқасига доир фактларни чоп этиш, мансабдор шахсларнинг давлат маблағларини қандай қилиб ўзлаштирганлиги, ўғирлаганлигини ва ўзаро тақсимлаганлиги бўйича схемаларни имкон қадар кўпроқ фош этиб бориш.
3. Ўзбекистонлик коррупционерларнинг хориждаги капиталини аниқлаш учун бошқа мамлакатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва хорижий журналистлар билан ҳамкорлик қилиш.
4. Агентлик ҳалол, садоқатли ва сотилмайдиган ходимлардан иборат кучли жамоани яратиши керак. Зеро, коррупцияга қарши курашиш- жасур ва фидойи одамларнинг ишидир. Яъни, агентлик таркиби бошқа давлат идоралари ходимларидан истисно ҳолатда янги бўлиши керак.
5. Агентлик раҳбари ўзида мустақил сиёсий дунёқарашни тарбиялаши, энг муҳими - сотилмайдиган, ҳалол ва автоном раҳбар бўлиши лозим. Шундагина халқ унга ва унинг ҳаракатлари орқали ҳукуматга кўпроқ ишонишни бошлайди, адолатнинг ҳақиқий кучини ҳис қилади.
6. Биргаликда ишлаш, мамлакатда бўлаётган барча нарсалар тўғрисида фуқароларни хабардор қилиш. Мансабдор шахслар билан эмас, балки фуқаролар билан кўпроқ ҳамкорлик қилиш зарур.
7. Халқ виртуал “bot”ини ишлаб чиқиш ёки онлайн дастурни тайёрлаш учун тендер эълон қилиб, унга коррупция ҳолатлари ва коррупционерларнинг аниқ исми ва шарифини киритиб бориш.
Шунингдек, ўзига хос “Uzbek Corruption Network Map”ни яратиб, унда мамлакатда коррупцияга қарши курашиш бўйича маълумотларни эълон қилиб бориш. Бунда барча шикоятлар ҳудудларга мувофиқ акс эттирилиб, уларнинг қай даражада ҳал қилинганлиги кўрсатилади.
Асосийси, ушбу электрон ресурс умумхалқ бўлиши лозим, яъни Агентлик уни яратади, ривожлантиради ва маълумотларидан фойдаланади. Бироқ, у ресурсга эгалик қилмайди, фақат унинг фаолиятини бошқариб боради. Шунингдек, янги тузилма ариза берувчилар ва коррупция ҳолатлари тўғрисида хабар берган шахслар ҳақидаги маълумотларни ҳар қандай ҳолатда ҳам учинчи шахсларга бермаслик мажбурияти ўз зиммасига олиши керак.
Агентлик шундай бир аниқ механизм яратиши керакки, унда коррупция ҳолатлари бўйича хабар беришга тайёр бўлган ўзбекистонликларнинг махфийлиги ва анонимлиги таъминланиши лозим.
Тасдиқланган коррупционер амалдорларнинг шахснини акс эттирган бундай стенднинг пайдо бўлиши курашни янги босқичга ўтказишга имкон беради. Дарҳақиқат, кўпгина амалдорларимиз қамоққа тушишдан қўрқмайдилар, чунки ундан пул билан қутулишлари мумкин. Аммо эндиликда барча танишлари, қариндошлари ва дўстлари, қолаверса бутун ҳамжамият ҳақиқатан ҳам унинг ўғри эканлигини билиб олишади.
8. Агентлик - халқнинг виждони ва кўзидир. Шунинг учун ҳар-бир раҳбар ва мансабдор шахс агентлик ва халқ олдида давлат томонидан ажратилган маблағни қандай ишлатгани ҳақида ҳисобот бериши керак. Ҳар-бир нарса назарияда эмас, балким амалда шаффоф ва аниқ бўлиши лозим. Барча ҳисоботлар электрон стендга юкланиши шарт.
Янги тузилма мамлакатда коррупция ва сояли жараёнлар тўғрисида таҳлилий материаллар ва тавсиялар тайёрлаши керак. Шунингдек, бу масала билан Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан биргаликда илмий марказлар ҳам шуғулланса бўлади.
9. Бажарилган ишлар бўйича ҳар ойда камида битта брифинг ўтказиш керак.
10. Мен фуқароларимизни Коррупцияга қарши кураш агентлигининг ёш жамоасига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш, унинг фаолиятида иштирок этиш ва кузатиш, қолаверса содир бўлаётган нарсаларга нисбатан танқидий нуқтаи назарга эга бўлишга чақираман.
Изоҳлар мавжуд емас