Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонда маиший техникани маркировкалашнинг учинчи босқичи бошланди. Гап харидорларда
Жамият

Ўзбекистонда маиший техникани маркировкалашнинг учинчи босқичи бошланди. Гап харидорларда

518
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда 1 ноябрдан бошлаб жорий йилнинг апрель ойида ишга туширилган маиший техникаларни маркировкалаш жараёнининг учинчи босқичи бошланди. Шу пайтдан бошлаб сув иситгичлари, кондиционерлар, электромоторли кичик маиший техника, шунингдек барча турдаги ёритиш мосламалари мажбурий рақамли идентификациядан ўтказилади.

Batafsil.uz. мухбири ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилари, шунингдек масъул идоралар вакилларидан товарларни маркировкалаш ва кузатиб бориш тизимини жорий этиш жараёни қандай кетаётганини, бозор иштирокчилари бу ҳақда қандай фикрда эканликларини, ушбу ташаббус қанчалик долзарблигини ва янгилик тўлиқ кучга киритиш учун нима қилиш кераклигини сўради.

Қизиғи шундаки, мутахассисларнинг барчаси ягона фикрда -тизимнинг асосий иштирокчиси истеъмолчи бўлиб, ҳамма нарса у учун яратилган. Энди у тақдим этилган имкониятлардан фойдаланиши ва   юқори сифатли товарларни қалбакидан ажратиш учун телефонидан фойдаланиши лозим холос.

Ухлаётган 10 фоиз

Бугунги кунга келиб, барча маиший техника ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларнинг 90 фоизи Asl Belgisi маркировка ва кузатув тизимида рўйхатга олинган. Давлат солиқ қўмитаси бош инспектори Ахматбек Файзиевнинг сўзларига кўра, кўплаб йирик бозор иштирокчилари аллақачон ўз маҳсулотларини маркировка қилишмоқда.

Техника.jpg

"Қолган 10 фоизи тизим босқичма-босқич амалга оширилаётганида аниқланмоқда. Ажабланарлиси шундаки, ҳали ҳам шундай тадбиркорлар борки, улар эҳтимол, қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгаришларни кузатишмайди, импорт қилинадиган маҳсулотларни маркировка қилиш лозимлигини билишмайди. Улар бу ҳақда товарларни қабул қилганда божхонада билиб олишади. Бозорнинг деярли барча иштирокчилари дуч келадиган асосий муаммо - бу унинг янгилигидадир. Биз ушбу тадбиркорлар билан боғланамиз ва маркировкалаш оператори билан биргаликда улар учун семинар ва тренинглар ташкил қиламиз, агар керак бўлса, уларнинг ёнига борамиз, бу нима эканлигини ва нима учун кераклигини тушунтирамиз, шунингдек, уларнинг бизнес жараёнларида маркировкалашни тўғри жорий қилишга ёрдам берамиз”, - деди у.

Учинчи босқичнинг бошидан бошлаб, унинг талабларига мувофиқ келадиган товарлар ишлаб чиқарувчилари ва импорт қилувчиларида мажбурий маркировкалашгача ишлаб чиқарилган ҳамда маркировка қилинмаган маҳсулотларнинг қолдиқларини сотиш учун яна олти ой бор. Бироқ, агар тадбиркор товарларни кодсиз сота олмаса ҳам, у ҳар доим маркировкалаш операторига бепул код олиш учун мурожаат қилиши ва сотилмаган техникани маркировкалаши мумкин бўлади.

Замон билан ҳамнафам

Тармоқ вакиллари - электр жиҳозларини ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар маркировкалаш бўйича ўз фикрлари билан мухбиримизга ўртоқлашдилар. Масалан, Akfa Lightning LED чироқ заводида бугунги кунда Asl Belgisi Миллий каталогида маҳсулотни рўйхатдан ўтказиш жараёни фаол олиб борилмоқда.

“Маркировкалаш тизимини бизнинг Technologist дастуримизга интеграция қилиш режалаштирилган. Ҳозирча катта қийинчиликлар йўқ, аммо   жараён давомида пайдо бўлса, уларни ҳал қилишга тайёрмиз. Маркировкалаш ишлаб чиқарувчиларга ҳам, истеъмолчиларга ҳам, давлатга ҳам фойда келтириши керак. Бозорда стандартларга мос келмайдиган электр жиҳозлари камроқ бўлади, чунки DataMatrix кодисиз улар ноқонуний ҳисобланади. Давлат кўпроқ солиқ олади, чунки энди агар ишлашни истасангиз, қоидалар бўйича ўйнашингиз керак бўлади”, -деди корхона бош технологи Акром Алимов.

Undsadatitled-1.jpg

Унинг таъкидлашича, бизнес учун маркировкалаш   ҳисобни юритишнинг самарали воситасидир, чунки тизим ишлаб чиқарилган товарларнинг ҳаракатланишини кузатиш имкониятини назарда тутади.

"Ишлаб чиқарувчи қаерда ва қанча маҳсулот сотилганлигини, қаерда ва қанча қолганини кўрганда, у талабни ҳисобга олган ҳолда таклифни тўғрилаши, шунингдек, бизнес жараёнларини мақбуллаштириши мумкин. Албатта, бу бир лаҳзада содир бўлмайди, ҳамма нарса босқичма-босқич амалга оширилади", -дея якунлади Алимов.

Пилот лойиҳа босқичида маиший техника, хусусан, Philips бренди савдоси билан шуғулланувчи Ginza Azia компанияси маркировкалаш тизимини синовдан ўтказа олди. Компания аллақачон бозорга маркировкаланган телевизорлар, чангютгичлар, блендерлар ва бошқа ускуналарни етказиб берган.

“Бугунги кунда деярли бутун дунё маълум товарларни маркировка қилиб келмоқда. Биз ҳам замон билан ҳамнафас бўлишимиз керак. Маркировкалаш маҳсулотнинг ҳақиқий эканлигини ва барча амалдаги қоидалар ва сифат стандартларига мувофиқлигини кўрсатади. Бу айниқса, божхона расмийлаштируви ва сертификатлашнинг барча қоидаларига амал қиладиган таниқли брендлар учун жуда муҳимдир, чунки   обрў - улар учун жуда муҳимдир”, -деди компания директори Лариса Ан.

Унинг сўзларига кўра, маркировкалаш жараёни янги ва ҳали тўлиқ ишга тушмаган. Шунинг учун, албатта, муайян саволлар туғилади.

"Дастурий таъминот билан боғлиқ муаммолар бор эди, шунингдек, масъул ходимларни янги технология билан ишлашга ўргатиш учун вақт керак. Импортчилар олиб кириладиган маҳсулотни божхонанинг ўзида маркировка қилишади. Ҳар бир код учун 78 сўм тўлаш қиммат эмас. Бироқ, каталогдаги карталарни модерация қилиш жараёни 5 кун давом этади. Бу жуда   кўп. Агар биз хато қилсак ва карточкани қайта юбориш керак бўлса, яна 5 кун кутишимиз керак бўлади. Шунча вақт ичида биз товарларимизнинг божхонада сақланиши тўлашимиз керак. Оператор бу саволга тезроқ жавоб беришини истардим. Мен тушунаман, айни пайтда тизимни фаол амалга ошириш жараёнида иш кўп ва эҳтимол, улар жисмонан кирувчи маълумотларни қайта ишлашга улгуришмайди, аммо вақт пулдир. Бу бизнес учун жуда муҳим”, - деди у.

Долзарблик

Маркировкалаш ғоясининг долзарблигини масалан, қуйидаги маълумотлар тасдиқлайди. Жорий йилнинг ўтган даврида Монополияга қарши қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига маиший электр техника сифати бўйича қарийб 4100та мурожаат келиб тушган. Мутахассисларнинг тахминича, бу истеъмолчиларга 2,3 млрд. сўм миқдорида зарар етказган.

"Агентлик истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини тиклаш ва уларнинг зарарини қоплаш учун барча зарур чораларни кўради. Аммо, афсуски, паст сифатли товарларга сарфланган пулни қайтариб олишнинг иложи бўлмаган ҳолатлар мавжуд. Бунинг сабаби шундаки, ускуна тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтмаган ва мамлакатимизга номаълум йўллар билан олиб кирилаётган маиший техника савдоси билан шуғулланувчи фуқаролардан сотиб олинган ва сифати кафолатланмаган”, - дея таъкидламоқда Агентлик.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг стандартлаштириш ва инновация бошқармаси бошлиғи Собит Саидовнинг сўзларига кўра, муаммонинг долзарблиги туфайли ойлик назорат харидларини ўтказиш ғояси пайдо бўлган. Ҳозирда бу президентнинг топшириғига биноан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги билан биргаликда ташкил этилган. Ускуналарнинг бир нечта намуналари мустақил аккредитацияланган лабораторияларга топширилади, улар турли мезонларга кўра ушбу маҳсулот фойдаланишга яроқли ёки мос эмаслигини аниқлайди.

Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб учта шундай текширув ўтказилган: ёритиш лампалари, электр чойнаклар, электр кабеллари сотиб олинган. Натижалар оммавий ахборот воситаларида ёритилган. Афсуски, натижалар қувонтирмайди. Назорат харидининг натижалари бўйича намуналарнинг аксарияти белгиланган меъёрларга жавоб бермаслиги аниқланган, зарур чораларни кўриш учун ваколатли давлат органларига хатлар юборилган.

“Бозорга кириш учун ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган товарлар сертификатлаш тартибидан ўтиши шарт. Маҳсулот жавоб бериши керак бўлган баъзи стандартлар мавжуд. Бироқ, сотиб олаётганда, кўплаб сотувчилар мувофиқлик сертификатларини кўрсата олмайдилар ёки уни ишлаб чиқарган давлат тилида тақдим этишади, бу унинг шубҳали келиб чиқиши ёки мамлакатга ноқонуний олиб кирилганини кўрсатади. Баъзан   ушбу маҳсулот қаерда ишлаб чиқарилганлигини, қаердан келганини ҳам билиб ололмайсиз”, -деди мутахассис.

Шу билан бирга, рақамли маркировкалашда товарнинг ҳар бирлигига индентификация воситаси - DataMatrix коди берилади. Бу маҳсулотнинг рақамли маълумоти ҳисобланиб, у ҳақда батафсил ахборот берилади. Маркировка оператори мутахассислари бозор иштирокчилари томонидан тўлдириладиган ҳар-бир карточканинг ҳаққонийлигини батафсил ўрганиб чиқилади. Бундан мақсад шуки, истеъмолчи нима учун пул тўлаётганини билиши керак. Айни пайтда миллий каталода уй-рўзғор ва саноат учун 6 мингдан ортиқ элетротехника рўйхатдан ўтказилган.

Мобил инспектор

Бозорни рақамлаштириш учун зарур бўлган барча ишларни бажара туриб, бозор иштирокчилари ва тегишли идоралар табиий саволлар беришмоқда: аҳоли жараёнга қўшиладими? Зеро, жамоатчилик назорати маркировкалаш ва кузатув тизимининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

“Умуман олганда, барча маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ташаббусни яхши қабул қилдилар деб айтишимиз мумкин. Импортчилар билан боғлиқ баъзи қийинчиликлар мавжуд эди, аммо улар ҳам бугунги кунда бу жараёнга қўшилишди. Аммо шуни айтмоқчиманки, тизим ва унинг афзалликлари тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш керак. Бугунги кунда қайси истеъмолчи сифат сертификатини сўрамоқда? Улар маҳсулотдаги ёрлиқни сканерлайдиларми?”, - деди “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси вакили Собит Саидов.

Ginza Azia компанияси раҳбари ҳам шу фикрда.

“Истеъмолчиларни ускуналарни танлашга кўпроқ эътибор беришга ўргатиш учун бироз вақт керак бўлади. Одамлар ҳар хил. Баъзи истеъмолчилар “Малика”га бориб, келиб чиқиши номаълум ускуналар сотиб олади. Юқори сифатли ва маълум стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилган ҳамда божхона процедуралари давомида барча синовлар ва сертификатлашдан ўтган яхши мол арзон бўлиши мумкин эмас”, - деди Лариса Ан.

Эслатиб ўтамизки, маркировкалаш тизими билан жамоатчилик назоратининг воситаси – Asl Belgisi мобил иловаси (AndroidiOS) назарда тутилган. Дастурни смартфонга юклаб олиш орқали истеъмолчи маҳсулот ҳақида ҳамма нарсани тезда билиб олиши мумкин – қаерда ва ким томонидан ишлаб чиқарилган, қайси импортёр орқали мамлакатга кирган ёки қайси дистрибютор уни дўконга юборган, ускунанинг хусусиятлари, унинг ишлаш муддати, сертификатлари аён бўлади. Шубҳасизки, ўз манфаатимиз учун телефонни чўнтакдан чиқариб, маҳсулотни текшириб кўриш фойдадан холи бўлмайди.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...