Ўзбекистонда оммавий эмлаш учун Хитой вакцинасидан фойдаланиш таклиф қилинди. Вакцина  мамлакатда ишлаб чиқарилади
Жамият

Ўзбекистонда оммавий эмлаш учун Хитой вакцинасидан фойдаланиш таклиф қилинди. Вакцина мамлакатда ишлаб чиқарилади

473

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Депутат Расул Кушербаевга ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, Ўзбекистонда аҳолини оммавий эмлаш учун хитойнинг Zhifei Longcom компанияси ишлаб чиқарган вакцинадан фойдаланиш таклиф қилинди. 

Унинг сўзларига кўра, Кеча Вазирлар Маҳкамасида аҳолини коронавирусдан эмлаш масаласига бағишланган Республика Махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишда бир гуруҳ Олий Мажлис Қонунчилик депутатлари ҳам иштирок этган.

Ўзбекистон Хитойнинг Zhifei Longcom компанияси билан ҳамкорликда ZF-2001 рекомбинант вакцинасининг 3-фаза клиник синов босқичи ўтказмоқда. Ҳозирга қадар 3-фаза клиник синови доирасида 6697 та кўнгилли ҳамюртимиз вакцинанинг 1-дозаси билан эмланган бўлса, яна 1209 таси 2-дозани ҳам қабул қилганлар.

Клиник синовнинг дастлабки натижаларига кўра, вакцина қабул қилганлар орасида 1-даражали ножўя таъсирлар (аллергик реакция, бироз иситма чиқиши, бош оғриғи) 5 нафар шахсда кузатилган ёки 0.3%ни ташкил этган. Солиштириш учун, бу кўрсатгич "Pfizer/Biontech"да 2-3.8%, "Спутник V"да эса 0.3-0.4%ни ташкил этган. 2- ва 3-даражали ножўя таъсирлар эса кузатилмаган.

Клиник синовнинг ижобий натижалари сабабли Ўзбекистонда аҳолини эмлашда мазкур вакцинадан фойдаланиш таклиф қилинмоқда. Бунинг учун Махсус комиссия томонидан вакцинадан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат (EUA) берилиши лозим.

Агар махсус комиссия томонидан бундай рухсат берилган тақдирда, вакцина яратилишида ҳамкор томон сифатида Ўзбекистонга вакцина имтиёзли нархларда ва етарли қувватларда етказиб берилади.

Хитой томонидан маҳаллий фармацевтика компаниялари билан ҳамкорликда   жорий йилда   ZF-UZ-2001 вакцинасининг 300 миллион дозаси ишлаб чиқарилади.

Бу эса жорий йил охиригача мамлакат аҳолисини оммавий равишда эмлаш имкониятини яратади. 

Шунингдек йиғилиш давомида 2.5млн. га яқин Astra-Zeneca вакциналарини етказиб берилиши ҳақида маълум қилинган. Ушбу вакциналарнинг дастлабки 800 минг донаси жорий йилнинг март ойларида Ўзбекистонга келтирилиши кутилмоқда.

Хавфли гуруҳлар эмланиши биланоқ аҳолининг қолган қисми эмланади. Вакцинани биринчи бўлиб 65 ёшдан ошган кексалар, сурункали касалликларга чалинганлар, тиббиёт ходимлари, мактабгача, ўрта ва олий ўқув юртлари ходимлари, аҳоли билан алоқада ишлайдиган ҳуқуқ-тартибот ходимлари олади. Шу билан бирга, эмлаш фақат ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...