Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда қарийб 17 мингта эскирган икки ва уч қаватли уйларни бузиш ва уларнинг ўрнида замонавий кўп қаватли турар-жой мажмуаларини қуриш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев танишган реновациянинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш бўйича таклифлар тақдимотида сўз борган. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Тақдимотда реновация дастури аҳоли сони шиддат билан ўсаётган, ер ресурслари чекланган бир шароитда зарур чора экани қайд этилган. Охирги саккиз йил ичида Ўзбекистон аҳолиси олти миллион кишига кўпайди ва ўсишда давом этмоқда. Яқин йилларда бу кўрсаткич 40 миллионга етиши мумкин. Бундай суръатда уй-жойга бўлган йиллик эҳтиёж 150 минг хонадонга етади.
Эскирган уй-жойларни бузиш ва 7-9 қаватли замонавий бинолар қуриш нафақат уй-жой фондини кўпайтириш, балки фуқароларнинг яшаш шароитларини сезиларли даражада яхшилаш имконини беради. Янги уйлар замонавий коммуникация, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, оқова ва энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланади. Янги хонадонларда эски уйларга қараганда уч баравар кўп одам яшаши мумкин бўлади, шу билан бирга одатий яшаш жойлари сақланиб қолади.
Реновация дастури уч босқичда амалга оширилади. Дастлаб янгиланиши лозим бўлган ер майдонлари аниқланади, сўнгра мулкдорлар билан келишиш ва шартномалар тузилади, якуний босқичда эса уйлар қурилиши ва фойдаланишга топширилиши амалга оширилади. Эски уй-жой эгаларига янги уй-жой ёки пул компенсацияси таклиф этилади.
Биринчи босқичда 20 минг хонадонли уйлар қурилиши режалаштирилган. Янги уйларнинг биринчи қаватида турар жойлардан ташқари, савдо дўконлари, кафелар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, кичик ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилиб, бу туманларнинг иқтисодий фаоллигини оширади.
Шуниси эътиборга лойиқки, реновацияни амалга ошириш 20 минг гектаргача ерни тежаш имконини беради. Бу янада ихчам ва рационал қурилиш туфайли амалга ошади.
Ушбу соҳада ҳозирча ягона меъёрий ҳужжат мавжуд эмас. Шу боис халқаро тажриба асосида "Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Бундан ташқари, реновацияни фуқаролар манфаатини кўзлаган ҳолда, аниқ ва адолатли тизим асосида самарали ўтказиш бўйича жойлардаги раҳбар ва мутасаддиларни ўқитиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон президенти жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб барча кўчмас мулк эгалари билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзолангандан кейингина реновация лойиҳасини амалга оширишга рухсат бериш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.
Изоҳлар мавжуд емас