Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда ёнғин, тошқин, зилзила ва бошқа техноген фалокатлардан жабр кўрган кам таъминланган оилаларга манзилли ёрдам кўрсатилади. Уларга уй-жойларини таъмирлаш ва тиклаш харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача (ҳозирда бу 56,2 миллион сўмни ташкил этади) маблағ тўланиши мумкин. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Маблағлар "Саховат ва кўмак" жамғармасидан ажратилади. Бу президентнинг аҳолини молиялаштириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга оид фармонида кўзда тутилган. Ҳужжатга кўра, чора 2025 йил 1 апрелдан бошлаб амалга оширилади.
Айнан шу вақтдан ижтимоий соҳада бир қатор янгиликлар ҳам жорий этилади.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кам таъминланган оилаларга бериладиган бир марталик моддий ёрдам ўрнига субсидиялар ажратиш тизими йўлга қўйилади. Ушбу маблағлар артезиан қудуқлари, сув насослари ўрнатиш ва ичимлик суви учун фильтрлар харид қилиш харажатларини қоплаш учун мўлжалланган.
Шунингдек, "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ва "Саховат ва кўмак" жамғармалари ҳисобидан камида уч нафар аёл, ёшлар ёки бошқа эҳтиёжманд фуқароларни иш билан таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳалар учун грантлар ажратилади. Ушбу молиялаштириш ҳажми БҲМнинг 60 баравари (22,5 миллион сўм) гача этиб белгиланган.
Субсидиялар харажатларнинг 90 % га қоплайди, аммо унинг ҳажми БҲМнинг 30 бараваридан ошмаслиги керак. Маблағлар кам таъминланган оилалар реестридаги шахсларга ажратилади.
Эслатиб ўтамизки, ушбу фармонга мувофиқ, 2025 йил апрелдан бошлаб Ўзбекистон ёшларининг спорт ва ижодий фаолият билан шуғулланиш харажатлари ҳам қоплаб берилади.
Изоҳлар мавжуд емас