Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда пробеги ўзгартирилган автомобилларни сотиб олувчини хабардор қилмасдан сотганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, сўнгги йилларда фойдаланилган автомобилни юқори нархда сотиш учун одометр кўрсаткичларини қасддан пасайтириш орқали унинг маълумотларини сохталаштириш ҳолатлари кўпайган.
Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 121-1-модда - "Транспорт воситасининг одометр кўрсаткичларига ўзгартириш киритилганлиги ёки одометр алмаштирилганлиги тўғрисида хабардор қилмаслик"ни киритиш таклиф этилмоқда.
Агар сотувчи харидорни қурилма алмаштирилгани ёки унинг кўрсаткичлари ўзгартирилгани ҳақида огоҳлантирмаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача (4,12 миллион сўмдан 6,18 миллион сўмгача) жаримага тортилиши мумкин.
Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, ушбу норма харидорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва автомобилларнинг иккиламчи бозорида фирибгарликнинг олдини олишга қаратилган.
Қонун лойиҳаси 2025 йил 20 ноябрга қадар жамоатчилик муҳокамаси босқичида бўлади.

Изоҳлар мавжуд емас