Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси консуллик бўлими оммавий ахборот воситаларида Гужарат университетида таҳсил олаётган чет эллик ёшлар, жумладан, ўзбекистонлик талаба номаълум маҳаллий гуруҳ аъзолари томонидан ҳужумга учрагани ҳақидаги маълумотлар тарқалгани юзасидан суриштирув ўтказган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
"Дунё" маълумотларига кўра, дипломатик ваколатхонанинг консуллик ҳисобида Гужарат университетида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари мавжуд эмаслиги аниқланган. Ҳиндистондаги ўзбекистонлик талабалар ҳамжамияти вакиллари ушбу олий ўқув юртида юртдошларимиз борлигини тасдиқламаган.
Бундан ташқари, Ҳиндистон расмий идоралари билан музокаралар чоғида бугунги кунда Гужарат университетида ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмаётгани маълум бўлган.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси олий маълумот олиш мақсадида ёки бошқа сабабларга кўра узоқ вақт давомида Ҳиндистонда бўлиб турган ватандошларимизга дипломатик ваколатхонанинг консуллик ҳисобига киришлари кераклигини эслатиб ўтмоқда. Бу турли кутилмаган ва нохуш ҳолатларга дуч келган фуқароларимизга тезкор ва самарали консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш имкониятини яратади.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ ўзбекистонлик аёл номаълум сабабларга кўра Ҳиндистондаги меҳмонхоналардан бирида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳлар мавжуд емас