Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. 2021 йил август ойида жамоатчиликка бошпанасиз итлар учун "Меҳр" номли иккинчи расмий бошпана тақдим этилди. У Akfa Group компаниясининг ижтимоий лойиҳасига айланди. Мазкур компания шелтерни қурди, жиҳозлади ва бир ярим йил давомида асосий ҳомийси бўлди.
Ўзининг ветеринария ва кинология хизматларига эга бўлган ва зарур жиҳозлар билан таъминланган замонавий, чиройли муассаса итларни ижтимоийлаштириш ва эгаларига кейинчалик узатишга тайёрлаш билан шуғулланиши керак эди. Мамлакатимиз бошпанасиз ҳайвонларга бўлган муносабат масаласида маданиятли дунёга яқинлашди, деб ўйладик. Аммо Ўзбекистон бунга тайёр эмаслигига яна бир бор амин бўлдик.
Бугунги кунда Akfa Group ҳомийлик мажбуриятларини аста-секин топшириб бормоқда ва бошпана ходимлари шелтердаги 1000 та ҳайвонни боқиш учун ҳар ойда ўртача 235 миллион сўм миқдорида маблағ талаб қилиниши боис, янги ҳомийларни излаш учун тижорат ташкилотлари эшигини қоқмоқда. Шу билан бирга, бошпанадаги уй ҳайвонлари сони камайгани йўқ: муассаса директори Елена Лисенконинг сўзларига кўра, энг яхши ҳолатда ойига бир ёки иккита итга бошпана топиш имкони бўлмоқда холос.
Хафа эмасмиз
Akfa молиялаштиришни тўхтатади, деган масала илгари ҳам бўлган. Ўтган йилнинг баҳорида бошпана янги ҳомийларни топиши керак эди. “Меҳр” ходимлари турли компанияларга – кичик фирмаларга ва йирик холдингларга мурожаат қилишган, аммо ҳеч ким тўртоёқлиларга ғамхўрлик қилишни хоҳламаган. Натижада ҳомийлик компанияси бошпанани молиялаштиришни 2022 йил охиригача узайтирган.
“Бизни ташлаб кетганликда уларни айблай олмайсиз. Компания ҳайвонлар учун жуда кўп иш қилди: чиройли марказ қурди, уни зарур техника ва ускуналар билан жиҳозлади. Бу ғоя яхши эди, лекин уни ҳеч ким қўллаб-қувватламади. Бу ишга жуда кам одам сармоя киритишни хоҳлайди, чунки кўпчилик учун улар "шунчаки ҳайвонлар"дир. Жамиятимиз бунга ҳали тайёр эмас. Ғоянинг нақадар глобаллигини кам одам тушунади: ҳайвонлар орқали бошқаларни инсонпарвар ва раҳмдил бўлишга ўргатиш мумкин”, - деди “Меҳр” шелтери раҳбари Елена Лисенко.
Akfa расман кетган, лекин қисқартирилган иш ҳақини тўлашда давом этмоқда, ходимларга транспорт ва электр тўловларини бермоқда. Шелтер жамоаси яна уч ой давомида ушбу ёрдамни кутиши мумкин. Кейин молиялаштириш бутунлай тўхтайди.
"Биз ҳозир мавҳум ҳолатдамиз. Баъзи харажатларни ўзимиз ва жамоат хайр-эҳсонлари ҳисобидан қоплаяпмиз. Бироқ, умуман олганда, даволаш, эмлаш ва стерилизация, ходимларнинг иш ҳақи, шунингдек, бир гектар майдонда жойлашган улкан хўжаликни сақлаш жуда катта маблағ талаб қилади. Доимий равишда эҳсонни кутиб яшаб бўлмайди. Биз ёрдам сўраган компаниялар зарур бўлган маблағни эшитиб, қўрқиб кетишади",- деди бошпана директори.
Бундан ташқари, ҳомийни қидириш масаласидаги муаммо шундаки, “Меҳр” йирик компания томонидан қурилган. Баъзи ташкилотлар шелтер молиялаштиришга муҳтож эканлигига ишонишмайди. Бу итларни бирор кишига топширишга ҳам таъсир қилади.
"Одамларнинг фикрича, ҳайвонларимиз бу ерда бой ҳомий раҳнамолигида зўр яшамоқда. Вақти-вақти билан келиб, ёрдам беришни ваъда қилиб, бизга итларни олиб келганларнинг кўпчилиги ҳам ваъдаларини унутиб, ҳолатимиз яхши деган фикрда бўлишади. Ҳа, бу бир ярим йил давомида молиявий масалаларни ёпиш биз учун осонроқ бўлди. Аммо бу вақт ўтди ва энди биз бошқа бошпаналар билан деярли тенгмиз: уй ҳайвонларининг эҳтиёжлари учун куч ва маблағ етишмайди, итлар эса уй ва меҳрибон эгаларга муҳтож", - деди Елена.
Энди нима бўларкан?
"Биз озиқ-овқат харажатларини камайтира олмаймиз: бу итлар ўртасидаги жанжал, иммунитетнинг пасайиши ва охир-оқибат уй ҳайвонларининг ўлими билан тугаши мумкин. Ходимларни яна қисқартиришга тўғри келар, гарчи шундай ҳам камчилик қолганмиз. Аммо биз ҳаммага маош тўлай олмаймиз. Умуман олганда, биз буларнинг барчаси ҳақида ўйлашдан жуда қўрқамиз. Ҳаммуассислар ва волонтёрлар билан бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қиламиз, балким ҳомийлар топилар ва кимнингдир хизматидан воз кечмасмиз", - деди Елена Лисенко.
Ҳомийлик ва кейинчалик ходимларнинг қисқариши туфайли қолганлар бир қатор бошқа мажбуриятлар ва функцияларни ўз зиммаларига олишлари керак бўлган. Кинолог Алишер Жўраев бошиданоқ бошпанада ишлайди. Илгари учта мутахассис кинологик қисмга масъул бўлган, бугун у ёлғиз қолган. Бундан ташқари, у ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, ҳудудни тозалаш, итларни овқатлантиришни бажариб келмоқда.
"Масъулият ошди, лекин шикоят қилмаймиз. Ҳомийнинг режалари ўзгаргани инқироз эмас. Ҳар қандай компания ҳам бир ярим йил давомида бошпананинг 1000 та ҳайвони ва уларга қарайдиганларни таъминлай олмайди. Ҳа, биз қийин даврни бошдан кечирамиз, лекин аминманки, агар бирлашсак, ҳамма нарсани енгишимиз мумкин. Бироқ, ҳеч қандай ҳолатда хафа ва таслим бўлмаслик керак, шунда "Бу менга керакми?" деган саволлар туғилмайди. Бу фикрга келадиган бўлсак, ҳамма нарса парчаланиб кетиши мумкин", - деди кинолог.
Алишернинг фикрича, бошпананинг келажаги волонтёрларга боғлиқ. Айнан улар бу ерга келиб, вазиятни ичкаридан кўришмоқда. Улар кўп бўлмасада, кинолог аминки, медийлик ошиши баробарида волонтёрлар сони ҳам албатта кўпаяди. Унинг назарида, бизнес вакилларидан катта ёрдам кутмаслик керак.
“Ҳар биримимиз турли компаниялардаги танишларимизни молиялаштириш масаласига қўшмоқчи бўлдик. Бироқ, кимдир онкологик касалларга ёрдам бермоқда, кимдир бошқа ижтимоий лойиҳаларни устувор деб билади. Ҳайвонларга ёрдам беришни эса ҳамма ҳам истамайди. Чунки уларга нисбатан муносабатни тушуниб турибсиз”, - деди у.
Одамлар вазиятни янада ёмон қилмаса бўлгани
Бошпанада ветеринар ёрдамчиси бўилб ишлаётган Анастасия Нестерова ҳам асло тушкунликка берилмайди. Бир пайтлар у дайди итни “Меҳр”га топшириб, бу ерга кела бошлаган.
“Укол қила оламан, ҳайвонларни яхши кўраман. Шунинг учун онгли равишда ёрдам бериш учун келаяпман. Бугунги кунда бошпана мен учун иккинчи уйим бўлган. Ҳайвонлар билан мулоқотдан жуда завқланаман. Итлар касал бўлиб қолса жуда қийин. Ҳайвонлар қанчалик кўп бўлса, касаллиги ҳам шунча кўп. Уларнинг ҳар-бир алоҳида эътиборга муҳтож”, - деди қиз.
Бу ерда у янги дўст ортирган. Гап шундаки, пастки жағида тишлари бўлмаган, рахит туфайли олд оёқлари эгрироқ ва кўзи сал ғилай ит узоқ вақт мобайнида овқат ейишдан бош тортиб юрган.
“Уни қўлдан боқишга тўғри келди. Одатда итлардан қўрқмайман. Лекин бу ит жуда жаҳлдор бўлгани учун қўрққанман. Икки ҳафта ичида у билан танишиш ва ўзаро ўрганиб кетиш жараёни давом қилди. Натижада ўртамизда меҳр-муҳаббат пайдо бўлди. У мени кўрмасада, меҳрини сезиб тураман. Мендан бошқа ҳеч ким билан сайр қилмайди. Бундай итлар камдан кам ҳолатларда янги уй топишади. Одатда улар бошпанада умрбод қолади. Бу каби жониворларга доим эътибор бериш ва ғамхўрлик қилиш лозим. Акс ҳолда улар ўзини жуда ёлғиз сезади”, - деди Настя.
Қолаверса, қизнинг фикрича, бошпананинг келажаги албатта яхши бўлади.
"Бизнинг асосий ҳомийимиз кетмоқда, бу биз учун қийин бўлади, лекин менимча, биз ҳамма нарсани ҳал қиламиз. Бизга ёрдам берадиган ажойиб волонтёрларимиз бор. Биз вақти-вақти билан маълум эҳтиёжлар учун пул йиғимларини ташкил қиламиз, одамлар ҳозирча бефарқ эмас. Шунинг учун, мен одамларга айтмоқчи бўлган ягона нарса шуки, улар меҳрибон ва масъулиятли бўлишлари лозим. Ёрдам бериш шарт эмас, лекин улар ҳеч бўлмаганда вазиятни ёмонлаштирмасин: улар кўчада ҳайвонларни майиб қилишмасин, уларга раҳм – шафқат кўрсатсинлар ", - дея хулоса қилди у.
Итларга ғамхўрлик керак
"Ўтган бир ярим йилга назар ташласам, жуда кўп иш қилинганлигини тушунаман. Агар буларнинг барчаси йўқ бўлса, жуда алам қилади. Бироқ, биз яхшиликка ишонамиз. Ҳа, биз бироз очмиз, ҳаммамиз асабийлашамиз, лекин қидиришни тўхтатмаймиз. Бизни тўлиқ қарамоққа олишни сўрамаймиз, қисман ёки бир марталик ёрдамдан ҳам мамнун бўламиз",- деди Елена Лисенко.
Бунга “Япона мама" и Adler компанияси мисол бўлиши мумкин. Биринчиси ҳар ой бошпанага 300-500 килограмм музлатилган балиқ парчаларини юборади, иккинчиси 250-300 килограмм қуруқ озуқа юборади. Шунинг учун ёрдам фақатгина пул кўринишида бўлиши шарт эмас.
Номоддий ёрдам ҳам катта кўмак бўлади. Бугунги кунда шелтерда 1000 та ит мавжуд. Уларнинг ҳар бири ғамхўрлик ва севгига муҳтож.
“Ҳайвонларни бирор кишига топшириш жуда қийин кечади. Бир ойда кўпи билан 1-2та итни жойлаштирамиз. Шунингдек, бизда васийлик дастури мавжуд. Бир пайтлар бу ғоя жуда зўр деб уйлаганмиз. Яъни, маълум бир сабабларга кўра уйида ҳайвонни сақлаш имкониятига эга бўлмаганлар, лекин буни жуда истаганлар итни ҳомийликка олиб, уни боқишга пул бериб туришлари мумкин. Эвазига исталган пайтда келиб, танланган жонивор билан ўйнаш, сайр қилиш, унга егулик бериш шароити яратилади”, - деди Елена.
Бироқ, умидларимиз ҳақиқатга мос келмади. Айни пайтда 1000та итдан бор-йўғи 15таси васийликка олинган. Одамлар пул беришмоқда, итларнинг соғлиги билан қизиқмоқда, лекин ҳеч ким шахсан келиб хабар олмайди. Ҳамманинг иши бор.
“Одамлар қизиқсада, ҳаммаси туюлганидек оддий эмас. Тошкентдан 80 километр узоқликда жойлашган бошпанага дам олиш куни келадиганлар топилмайди. Шу боис, ўз кучимизга таянамиз. Тўғриси - имкониятимиз етмайди. Ҳар-бир итга индивидуал ёндашиб билмаяпмиз. Ҳозирги кунда итларни даволаш, озуқлантириш ва кўпайишнинг олдини олишга улгурмоқдамиз холос. Шунинг учун дастур шундай ишласинки, инсон келиб, ўз меҳрини итларга бахш эта олсин”, - деди суҳбатдошимиз.
Масалани давлат иштирокисиз ҳал қилиб бўлмайди
Янги ҳайвонларни бошпанага олиб билмаймиз. Бир ярим йил ичида шунга гувоҳ бўлдикки, олиб келинган итларнинг бирортаси соғ эмас.
"Биз уларни карантинда алоҳида сақлай олмаймиз. Бундай итлардан бирини қутқариш орқали биз 10-20 тасини йўқотишимиз мумкин. Ахир биз қутқарилганларнинг хавфсизлиги учун жавобгармиз. Айтиш жоизки, албатта, жароҳати бўлган итлар билан боғлиқ оғир ҳолатларда ёрдам берамиз, чунки бизда ҳеч қандай тўловсиз тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд. Учта тўлиқ штатли ветеринар, яхши дорихонамиз бор. Бироқ, барчани қутқариб бўлмайди ва бу жуда ачинарли", - деди шелтер директори.
Давлатимиз ўз эътиборини қонунчиликка қаратмагунча вазият оғир бўлиб қолаверди. Ўртача, фақат Тошкентнинг ўзида ҳар йили 15 мингта ит ушланади.
“Афсуски, дайди итларнинг аксарияти кўчада қолиб, кўпаймоқда. Бу ҳолат тобора ортаверади. “Меҳр ва оқибат” жамияти депутат Елена Бабенко билан ҳамкорликда мазкур муаммони ҳал қилишга уринмоқда. Ўша қонун албатта қабул қилиниши керак. Лекин арава жойидан силжигани йўқ”, - деди у.
Масалани давлатнинг иштирокисиз хал қилиб бўлмайди, деган фикрга кинолог Алишер Жўраев ҳам қўшилади.
“Давлат ушбу муаммо билан шуғулланиши керак. Аҳолининг ҳайвонларга нисбатан муносабати айнан давлатга боғлиқ. Ахир бизда ҳаттоки ҳайвонларни сайр қилдириш учун махсус майдончалар ҳам мавжуд эмас. Ўз ҳайвонини сайр қилдирадиган киши мунтазам равишда қўшнилар норозилилига учрайди”, - дея таъкидлади кинолог.
Изоҳлар мавжуд емас