Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўтган йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Sinopharm компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцинаси БААда расмий рўйхатдан ўтган. Амирлик ҳукумати аҳоли ва резидентларни бепул вакцина олишга чақирган.
ОАВ маълумотларига кўра, БААда 1,2 миллиондан ортиқ киши эмланган. Хитойнинг Sinopharm компанияси вакцинасини биринчи бўлиб олганлардан - Ўзбекистон фуқароси бўлган. Эмлаш қандай кечганлиги ҳақида у Batafsil.uz мухбирига айтиб берди.
Фарҳод Жўраев ( исми ўзгартирилган) 5 йилдан ортиқ вақт давомида БААда яшаб, ишлаб келмоқда. У таътил пайтида уйга келади. Лекин ўтган йили бунинг иложи бўлмаган. Коронавирус пандемияси туфайли у таътилни Амирликларда оиласини кўрмасдан ўтказган. Бу йил ҳамма нарса бошқача бўлиши керак. Зеро, шу йилнинг январь ойида Фарҳод эмланган.
"БААда кенг кўламли акция ўтказилди, ҳамма жойга баннерлар осиб қўйилди. Дубай амири Мухаммад бен Рашид аль-Мақтум ўзи эмланаётган суратни Twitterга жойлаштирди. Эмлаш дастури ихтиёрий бўлиб, ҳамма учун бепул амалга оширилди. Лекин, биринчи навбатда, вакцина 60 ёшдан ошган одамлар, ўқитувчи ва шифокорларга тавсия этилди", - деди суҳбатдошимиз.
Фарҳоднинг сўзларига кўра, у ишлаётган компания ҳам эмлаш жараёнига қўшилишга қарор қилган. Натижада деярли барча ходимлар ковидга қарши эмланган.
"Вакцинани олганимда, кўплаб ҳамкасбларим бу жараёндан ўтиб бўлган эди. Ҳаммада эмланиш осон кечди. Шунинг учун уни қабул қилиш ёки қилмаслик ҳақида ҳеч қандай иккиланиш бўлгани йўқ", - деди у.
Хитойнинг Sinopharm компанияси препарати билан эмлаш икки босқичда амалга оширилади: биринчи инъекция – тиббий кўрикдан ўтгандан сўнг, иккинчиси-21-28 кундан кейин ўтказилади.
"Менинг ҳолатимда, ҳамма нарса тез ва силлиқ кечди. Тиббий эмлаш пунктида бир нечта кабиналар бўлиб, навбат бўлгани йўқ. Кейин кабинага кириб, шаклни тўлдирасиз, кимсиз ва қаердан келганингизни ёзасиз, босим, ҳарорат ўлчанади, холестерин даражаси текширилади, сурункали касалликлар борлиги кўрилади. 20 кундан кейин телефонимга иккинчи дозани олиш вақти келгани ҳақидаги хабар юборилди”, - деди Фарҳод.
Кейинчалик ўзингизни қандай ҳис қилдингиз деганда, суҳбатдошимиз кулимсираб “хотиржам эдим”, -дея жавоб қайтарди.
“Ҳар кимда ҳар хил кечган. Лекин бирорта танишимда асорат кузатилгани йўқ. Менинг бир оз бошим оғриди, бир неча кун давомида ўзимни ланж сездим. Бешинчи кунга келиб, тўлиқ тузалдим", - деди Фарҳод.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, қизиғи шундаки, БААда аҳоли орасида аввалига қандай дори-дармон, АҚШ, Европа ёки Россияники бўлса ҳам, эмлашга шубҳа билан қаралган. Бироқ, вақт ўтиши билан, аксинча, талаб ошиб борган, вакцина эса тугаш арафасида бўлган. Полиция ҳатто эмлаш марказларига келган одамларни назорат қилишга мажбур бўлган.
Эмланган бўлишига қарамай, Фарҳод ниқоб тақиб, қўлларига антисептик билан ишлов беришни давом этмоқда. Унинг сўзларига кўра, вакцина албатта яхши, лекин ҳаёт хавф остида бўлса ҳимоя қилиниш учун барча зарур қоидаларга амал қилиш лозим.
"Тўғрисини айтсам, январь ойи ўрталарида Ўзбекистонга келганимда жуда ҳайрон қолдим. Амирликларда ҳамма санитария қоидаларига амал қилади, ниқоб тақилади. Кўчада ниқоб йўқлиги учун катта жарима тўлаш керак. Ўз мамлакатимизда эса ҳамма бўшашган. Пойтахтдаги бозорлар, дўкон ва кафеларда деярли ниқобли кишилар йўқ. Карантин жорий қилинган Европа давлатлари мисоли аҳолимизга сабоқ бўлмаяптими?", - дея хулоса қилди ўзбекистонлик.
Изоҳлар мавжуд емас