Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz Ижтимоий тармоқларда яқинда Чорвоқда пайдо бўладиган янги Sea Breeze Uzbekistan туристик мажмуаси ҳақида танқидий постлар тарқалди. Фойдаланувчилар қурилиш сув омборига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотирда. Лойиҳа ташаббускори Эмин Агаларов ўзбекистонликларнинг хавотирини тарқатишга ҳаракат қилди.
Аҳолининг янги объектнинг ҳудуд экологияси ва ичимлик суви сифатига таъсири ҳақидаги хавотирларига жавобан у экологик меъёрларга риоя қилиш Agalarov Development компаниясининг асосий устувор йўналиши эканлигини айтди.
Тадбиркор ўзбекистонликларни зарур тозалаш иншоотлари мажбурий тартибда ўрнатилишига, Чорвоқ сувини оқизиб юбориш ва ифлослантириш ҳолатларига йўл қўйилмаслигига ишонтирди.
Унинг сўзларига кўра, Agalarov Development компанияси Тошкентни сув билан таъминлайдиган асосий сув омборини нафақат сақлаб қолади, балки уни максимал даражада яхшилайди.
Шунингдек, у Чорвоқ Ўзбекистон учун чиқиш йўли бўлмаган денгизга муносиб муқобил бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамизки, 11 июнь куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Озарбайжоннинг Agalarov Development компанияси билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Sea Breeze Uzbekistan умуммавсумий курортини қуриш бўйича келишувни имзолаган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард доллар. У 577 гектар майдонда қурилишни кўзда тутади.
Agalarov Development компанияси эгаси Эмин Агаларов жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон раҳбарига Чорвоқ сув омбори қирғоғидаги халқаро сайёҳлик марказининг мастер-режасини тақдим этган эди.
Изоҳлар мавжуд емас