Загрузка
Загрузка
Маданий мерос ва экологияни  асраш.  Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили” қандай ўтказилади
Туризм

Маданий мерос ва экологияни асраш. Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили” қандай ўтказилади

39
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон ташаббуси билан 2027 йилда “Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили” бўлиб ўтади. Куни кеча БМТга аъзо давлатлар вакиллари ушбу ташаббуснинг айни муддао экани ва долзарблигини таъкидлаб, бир овоздан маъқуллашган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев матбуот-хизмати маълумотларига кўра, Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюциянинг ҳаммуаллифлари БМТга аъзо 80 дан ортиқ мамлакатлар бўлган. Ҳужжат матнини мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатлашувларда Россия, Хитой, АҚШ, Туркия, Германия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи, Япония, Жанубий Корея, Миср, Бразилия, Аргентина делегациялари экспертлари фаол иштирок этишган.

Ҳужжатнинг бош мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил октябрида Самарқандда бўлиб ўтган БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида туризм соҳасининг янги муаммолар ва замонавий хатарлар олдида барқарорлиги ва мослашувчанлиги борасида билдирилган фикрларига асосланган.

Унда давлатимиз раҳбари томонидан турли цивилизацияларнинг бой маданий меросини асраб-авайлаш, тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, халқлар қадриятларини ҳурмат қилишда туризмнинг муҳим ўрни тўғрисида баён этилган тамойиллар мустаҳкамланган. Экология, биологик хилма-хилликни сақлаш ва атмосфера ифлосланишини камайтириш учун "яшил" туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Резолюцияда барқарор туризмни ривожлантириш, шу жумладан экотуризмни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланган бўлиб, у иқтисодий ўсишга, тўлиқ бандликни таъминлашга, шунингдек, қишлоқларни ривожлантиришга ва қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилашга ёрдам беради.

Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган резолюция туризм индустриясини глобал даражада ривожлантиришнинг янги босқичи бошланишини белгилаб беради.


Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+