Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Озарбайжоннинг Agalarov Development компанияси билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Sea Breeze Uzbekistan умуммавсумий курортини қуриш бўйича келишувни имзолади.
Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард долларни ташкил этади. Унга кўра, 577 гектар, жумладан, биринчи босқичда 100 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилади.
Ҳужжат 11 июнь куни IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланди. Тадбирда Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларига хорижий капитални жалб этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Agalarov Development эгаси Эмин Агаларов бўлиб, у Emin қўшиқчиси сифатида танилган. Ўтган йилнинг декабрь ойида унинг Sea Breeze Uzbekistan сайёҳлик марказини ташкил этиш ташаббуси президент Шавкат Мирзиёев томонидан қўллаб-қувватланган эди. Ўшанда гап 10 миллиард долларлик инвестициялар ҳақида кетаётган эди.
Жорий йил апрель ойида тадбиркор Ўзбекистон етакчисига халқаро сайёҳлик марказининг мастер-режасини тақдим этган эди. Уни Чорвоқ сув омбори бўйида барпо этиш режалаштирилган. Лойиҳага кўра, босқичма-босқич 10 та ихчам ҳудуд барпо этилади. Уларнинг ҳар бири бир қадам масофада жойлашган дам олиш масканлари ва зарур хизматларни ўз ичига олади.
Изоҳлар мавжуд емас