Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Тошкент шаҳридаги "Янги Ўзбекистон" боғида Наврўз байрами муносабати билан табрик нутқи сўзлади. У ўз мурожаатида мазкур байрамнинг мамлакат ҳаётидаги алоҳида аҳамиятини қайд этди.
"Халқимиз билан бирга мана шундай ёруғ кунларни тинчлик-осойишталикда кутиб олаётганимиз учун Яратганга шукроналар айтамиз," - деди президент.
Шунингдек, у жорий йилда Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойига тўғри келгани, бу байрамга янада чуқур маъно бағишлашини таъкидлади.
"Наврўз кунларида инсоннинг олижаноблик, меҳр-оқибат, мурувват каби энг яхши фазилатлари, айниқса, яққол намоён бўлади. Деҳқонларимиз она заминга меҳр қўйиб, экин экиб, эл-юрт фаровонлигига тамал тошини қўймоқда, - дея давлатимиз раҳбари ўзбек халқининг меҳнатсеварлиги, бунёдкорлик руҳи муҳимлигини таъкидлади.
Мамлакатимиз тараққиёти ҳақида сўз юритар экан, у Ўзбекистон ислоҳотлар ва янгиланишлар йўлидан дадил бораётганини эслатди.
"Замон талабларига мос корхоналар, йўллар, турар жойлар, боғча ва мактаблар барпо этилмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси ўзгариб, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида янги экологик муҳит яратилмоқда", - деди у.
Президент ёшларга алоҳида эътибор қаратиб, уларни мамлакатнинг қудратли локомотиви деб атади.
«Истеъдодли ва интилувчан ўғил-қизларимиз бугун юқори технологик корхоналарни бошқармоқда, бизнесни ривожлантирмоқда, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларида муваффақиятларга эришмоқда. Халқимизга муносиб шундай ёш авлодга шон-шарафлар бўлсин!", - деди Мирзиёев.
Сўзининг якунида у мамлакатнинг барча аҳолисига самимий тилаклар билан шундай мурожаат қилди:
"Бизнинг кучимиз - бирлик ва ҳамжиҳатликда, қудратимиз - Ватанга муҳаббат ва садоқатда, муваффақиятимиз - ўз имкониятларимизга бўлган ишончда! Бу йил ҳар бир хонадонга бахт, тинчлик ва фаровонлик олиб келсин!".
Изоҳлар мавжуд емас