Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг музокараларида мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини қайд этдилар. Ўзбекистон раҳбарининг 2024 йил январь ойида Хитойга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар ижроси тасдиқланди. Ташқи ишлар вазирларининг стратегик мулоқоти йўлга қўйилди, Самарқандда иккинчи Ҳудудлар форуми ўтказилди.
Музокараларнинг марказий нуқталаридан бири иқтисодий ҳамкорлик бўлди. 2024 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етди, инвестиция портфели 60 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистонда қўшма технопарклар, саноат зоналари муваффақиятли фаолият юритмоқда, электромобиллар, жумладан, BYD модели ишлаб чиқарилиши ривожланмоқда.
Шунингдек, "яшил" энергетика, нефть-газ, кимё, металлургия ва озиқ-овқат тармоқлари, логистика, рақамлаштириш ва "ақлли" қишлоқ хўжалиги бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Хитой Эксимбанки иштирокида Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланмоқда. Пойтахтимизда банкнинг минтақавий офиси очилди.
Камбағалликка қарши курашиш, шунингдек, минтақанинг транспорт-логистика алоқаларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон стратегик темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.
Гуманитар соҳада таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда ХХР Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги университетининг филиали ва Урганчда Пекин университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Халқаро математика маркази фаолият кўрсатмоқда. Хитойнинг "Лу Бань устахонаси" профессионал таълим тизимини жорий этиш давом этмоқда.
Етакчилар халқаро майдонда, шу жумладан БМТ, ШҲТ ва "Марказий Осиё - Хитой" форматида позицияларни мувофиқлаштиришни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашув якунларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокаралар якуни тўғрисидаги Баённома имзолангани эълон қилинди.
Изоҳлар мавжуд емас