Депутат  Ўзбекистоннинг  ЕОИИга  кириши натижасида ҳар йили 2 миллиард  доллар зарар кўрилиши ва 100 минг иш ўрни йўқотилиши ҳақида  гапирди
Сиёсат

Депутат Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши натижасида ҳар йили 2 миллиард доллар зарар кўрилиши ва 100 минг иш ўрни йўқотилиши ҳақида гапирди

2036

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. "Миллий тикланиш" демократик партиясидан сайланган депутат Фарход Зайниевнинг фикрича, мамлакатимиз Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) кириши оқибатида ҳар йили 2 миллиард доллар зарар кўриши ва 100 минг иш ўрнидан маҳрум бўлиши мумкин. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.

"Ушбу ташкилотга киришдан бошлаб барча қоидаларга риоя қилиш лозимлигини унутмаслигимиз керак. Шунинг учун масалан, ягона божхона тарифларини қўллаш хом-ашёни хорижий мамлакатлардан импорт қилувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун харажатлар ва таннархни ошишига олиб келади. Бизнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бунга тайёрми? Саноат тармоғининг дастлабки ҳисоб-китоблари шуни кўрсатадики, 2025 йилга қадар ЕОИИга интеграция қилиниш 2 миллиард долларга ёки саноат ишлаб чиқаришининг 10 фоизига салбий таъсир кўрсатади. Натижада 100 минг мавжуд иш ўринлари қисқариши мумкин", - деди депутат.

Унинг сўзларига кўра, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида экспортнинг ошиши, импортнинг кўпайиши, эҳтиёт қисмларни олиб кириш учун имтиёзларнинг бекор қилиниши, шунингдек, техник талабларнинг ошиши тахминан 1,4 миллиард доллар миқдоридаги зарарга сабаб бўлиши мумкин. Электротехника, кимё саноати, қора металлургия, темир йўл ва авиация соҳаларида ҳам йўқотишлар кутилмоқда.

Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг қисқариши ва ишчилар сонининг камайиши оқибатида бюджетга солиқ тўловлари камайиб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун давлат харажатлари ҳам кўпаяди. Бу соҳа эса ишлаб чиқаришнинг қисқариши туфайли оғир аҳволда қолиши мумкин.

"ЕОИИ бозорига рақобатбардош маҳсулотлар ва хизматларни етказиб бериш учун бутун саноатни модернизация қилиш керак. Бунинг учун тадбиркорларимиз йирик инвесторларни жалб қилиши керак бўлади. Бироқ, Ягона божхона тарифини қўллаш шароитида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш қийин бўлади", - деди у.

Бунинг учун ЕОИИ билан миллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида келишиб олиш, шунингдек, ўтиш даврида Ягона божхона тарифидан фойдаланиш учун истиснолар ва маълум имтиёзларга эришиш талаб қилинади. Бундан ташқари, товарлар ва хизматларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш, божхона, санитария ва бошқа соҳалардаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш керак бўлади.

Шу билан бирга, депутат ЕОИИга киришнинг айрим ижобий томонларини кўрсатиб ўтган.

"Агар миллий иқтисодиётимизга таъсири ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу ташкилотга қўшилиш товарлар ва бозор хизматларини ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш имконини беради, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги иқтисодий рақобатни оширади ва ташқи савдо айланмасини кўпайтириш орқали ташқи бозорда маҳаллий тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиради, импорт тарифлари ва бошқа савдо чекловларини камайтиради ", - деди у.

Депутатнинг қўшимча қилишча, асосий афзалликларидан бири шундаки, 2.6 миллион мигрантлар ЕОИИ мамлакатлари фуқаролари билан тенг меҳнат шароитларига эга бўлади ва патент божлари бекор қилиниши сабабли уларнинг харажатлари камаяди. Демак, натижада иқтисодиётимизга йилига ўртача 2 миллиард доллар даромад келиб тушади.

"Ушбу ташкилотга аъзо бўлиш ёки ҳамкорлик қилиш ҳақида гап кетганда, ташкилотнинг тобора кенгайиб боришини ҳисобга олган ҳолда, бошқа мамлакатлар бозорларига кириб бориш имкониятларига эътибор бериш керак. Хусусан, ЕОИИ Вьетнам, Хитой, Эрон, Сингапур ва Сербия билан эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисида келишувлар имзолаган. Шу билан бирга, Миср, Таиланд, Мўғулистон ва Ҳиндистон билан музокаралар олиб борилмоқда ”,- деб таъкидлади Фарход Зайниев.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+