Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Қуйи палата "Реклама тўғрисида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган. Янги қонун зарарли маҳсулотлар рекламасини, шунингдек телефонларда ҳар қандай рекламани истеъмолчининг розилигисиз кўрсатишни тақиқлайди. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Амалдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун 1998 йилда қабул қилинган бўлиб, ундаги моддалар умумий тусга эга бўлган, ҳозирги барча реалликларни қамраб олмаган. Шундай шароитда мавжуд қонунчилик ҳужжатларини замон талабларига мос равишда ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлмоқда.
Қонун лойиҳасида қуйидаги янгиликлар жорий қилинмоқда:
-
мобиль алоқа тармоғи орқали реклама тарқатилишига фақат истеъмолчининг розилиги билан йўл қўйилиши;
-
дори воситаси ва алкоголь маҳсулотларини таниқли шахс, тиббиёт ходими ёки ташқи кўриниши шифокорнинг ташқи қиёфасига ўхшаш шахс иштирокида реклама қилишни тақиқлаш;
-
таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини реклама қилишни таъқиқлаш.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасини такомиллаштиришда Интернет ва ташқи реклама фаолиятини тартибга солинишга алоҳида эътибор қаратганлар. Қайд этилишича, бугунги кунда анъанавий, телевидение ва радио каналлар орқали узатилаётган рекламалардан фарқли равишда, Интернет реклама, ташқи рақамли реклама ва бир қанча бошқа реклама турлари пайдо бўлди. Улар ичида энг тез тарқалаётган ҳамда тартибга солиш жиҳатидан энг мураккаби — Интернет рекламаси ҳисобланади.
Депутатлар томонидан Интернет рекламани тартибга солиш учун қонунчиликка Интернет реклама тушунчасини киритиш, миллий қонунчиликнинг татбиқ этиладиган ҳудудини аниқлаш, Ўзбекистонда Интернет рекламани жойлаштиришни тартибга солиш механизмини аниқлаб олиш таклифлари киритилган.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас