Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сенатор Абдусаид Кўчимов Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлига тўсқинлик қилмоқчи бўлган ҳар қандай ташқи кучларга нисбатан қатъий позицияни эгаллаш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда мамлакат ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилишда ҳеч кимга ён бермаслиги лозим.
Сенатор ўз нутқида айрим ташқи кучларнинг Ўзбекистонга "васийлик" қилиш ёки босим ўтказишга уринишларини кескин танқид қилди:
"Карвонимизга таҳдид соладиган ҳар қандай кучга, акиллаган ҳар қандай лайча ёки қашқирга қарши ўз жойида қатъий жавоб беришимиз, уларнинг попугини пасайтириб, ақлини киргизиб қўйишимиз шарт", — деган Кўчимов.
Ҳеч бир давлатнинг ўзини бошқалардан устун қўйишга ҳақи йўқлиги ва зўравон сиёсат даври ўтгани қайд этилган.
Шу билан бирга Абдусаид Кўчимов давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам ҳуқуқий ва стратегик асос деб атаган.
Ҳужжатда белгиланган вазифалар мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини белгилаб беради. Мурожаатноманинг бир неча хорижий тилларга таржима қилиниши ундаги ғоялар жаҳон миқёсида ҳам тан олинаётганидан далолат беради.
Сенатор жаҳондаги беқарорлик ва халқаро муносабатлардаги кескинлик шароитида Ўзбекистон учун энг муҳим омил халқ бирлиги ва иродаси эканини таъкидлаган. Фақат ички жипслик ва изчил ислоҳотлар орқали стратегик мақсадларга эришиш мумкинлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, "Рус дунёси" ғоясининг асосий тарғиботчиси Александр Дугин собиқ совет давлатлари, жумладан Ўзбекистоннинг суверенитетини тан олмасликка чақирганди. Унинг фикрича, миллий давлатлар даври тугаган ва Россия бу ҳудудларни ўз назоратига олиши шарт.

Изоҳлар мавжуд емас