Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 5 сентябрь куни Ўзбекистон ва АҚШ президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар. Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни унга қулай бўлган муддатда ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди. Америка раҳбарининг тарихда илк ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим воқеа бўлиши мумкин.
Суҳбат аввалида Дональд Трамп Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, уларнинг иқтисодиётни модернизация қилиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишдаги аҳамиятини қайд этди. Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев Америка етакчисини маъмуриятининг ички ва ташқи сиёсатдаги ютуқлари билан табриклаб, АҚШнинг халқаро барқарорликни таъминлаш ва можароларни ҳал этишдаги ролини алоҳида қайд этди.
Давлат раҳбарлари устувор тармоқларда - фуқаро авиацияси, муҳим минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, энергетика, электротехника, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, молия, инновация ва таълим соҳаларида янги лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратдилар. 2024 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ўсгани, қўшма ташаббуслар портфели муттасил кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Томонлар хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш, маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Хусусан, Тошкентда АҚШнинг етакчи университетлари филиаллари муваффақиятли фаолиятини давом эттирмоқда.
Дональд Трамп келаси йили АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этадиган Ўзбекистон миллий терма жамоасига омад тилади.
Президентлар халқаро масалалар, шу жумладан "С5+1" форматидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашдилар, олий даражадаги фаол мулоқотларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Аввалроқ мутахассис Batafsil.uz.га берган интервьюсида Трампнинг Марказий Осиёга ташрифи унинг ташқи сиёсатида минтақанинг устуворлиги кўрсаткичи бўлиши мумкинлигини айтганди.
Икки томонлама муносабатлар давомида АҚШнинг амалдаги президентларидан бирортаси ҳам Марказий Осиёга ташриф буюрмаган.
Изоҳлар мавжуд емас