Россиянинг  элчиси. Рустам  Миннихановнинг Ўзбекистонга  ташрифидан  мақсад нима?
Сиёсат

Россиянинг элчиси. Рустам Миннихановнинг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад нима?

1268

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Россия иқтисодий шериклик учун янги ўсиш нуқталарини излашни давом этишмоқда. Жорий йилнинг саккиз ойи якунларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 5,6 миллиард доллардан ошган ва Россия Ўзбекистон савдо айланмасида Хитойдан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турмоқда. Шу билан бирга, Россия Федерацияси Хитой, Қозоғистон ва Туркияни ортда қолдириб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг асосий бозорига айланган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу кўрсаткичлар янада юксалиши мумкин ва тўғри ёндашув қўлланган тақдирда, иккала давлат яқин йилларда 10 миллиард долларлик савдо айланмасига эришиши ҳеч гап эмас. Муҳим натижаларга олиб келиши мумкин бўлган асосий йўналишлардан бири минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдир. Бунинг учун мамлакатлар 2018 йилда янги платформа – Ўзбекистон-Россия минтақалар форумини тузишган. Унинг учинчи ни шу йилнинг кузида ўтказиш режалаштирилган.

Россиянинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Андрей Ланчиковнинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бутун икки томонлама муносабатлар тизимининг муҳим асосларидан биридир. Шу билан бирга, минтақалараро ҳамкорлик ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсишининг асосий омили ҳисобланади.

“Ўтган йилнинг ноябрь ойида Москвада икки мамлакат минтақаларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди, натижада тўққиз миллиард долларлик 600 га яқин икки томонлама шартномалар имзоланди. Бугунги кунда Россия Федерациясининг деярли барча субъектлари Ўзбекистон вилоятлари билан ташқи савдо алоқаларини йўлга қўйган”, - дея қўшимча қилди у.

1992 йилда Тошкентда ўз ваколатхонасини очган Татаристон айни пайтда Ўзбекистон ва Россия минтақалари ўртасидаги муваффақиятли шерикликнинг намунасидир. 2021 йил якунига кўра, икки республика ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 200 миллион долларни ташкил этган, бу ўтган йилга нисбатан 23,5 фоизга кўпдир.

Шу билан бирга, асосийси шуки, Татаристон компаниялари нафақат ўз маҳсулотларини Ўзбекистонга импорт қилишга, балки қўшма лойиҳаларни амалга оширишда инвестициялар ва технологияларни жорий этишга тайёр. Улардан энг йириги "Чирчиқ" кимё-саноат технопарки ҳисобланади. Яқин йилларда бу ерда Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим бўлган 100 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади, камида 2,2 мингта иш ўрни яратилади.

Шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, мавжуд иқтисодий алоқалар маданий-гуманитар ҳамкорликнинг мустаҳкам негизида турибди. Бугун Ўзбекистонда 300 мингдан зиёд татарлар яшайди. Энг йирик диаспоралар Тошкент ва Самарқанд вилоятларида, Татар миллий маданий марказлари эса Тошкент, Янгийўл, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Қарши, Урганч ва Фарғонада фаолият кўрсатади.

Рустам Миннихановнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи ушбу муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бўлиб, Шавкат Мирзиёев, Бош вазир Абдулла Арипов, шунингдек, турли идоралар раҳбарлари билан учрашувлар режалаштирилган.

Бундан ташқари, Минниханов Ангрендаги “Биринчи резинотехника заводи” шина заводига ташриф буюради ва икки мамлакатнинг йирик компаниялари вакиллари иштирок этадиган давра суҳбатида қатнашади. Қозон Федерал университетининг Жиззах вилоятидаги филиалининг очилиш маросимида Татаристон раҳбари ҳам фахрий меҳмон бўлади.

Андрей Ланчиковнинг сўзларига кўра, Миннихановнинг жорий йилдаги кетма-кет иккинчи ташрифи Татаристон бугунги кунда Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигида алоҳида ўрин тутаётгани ва Ўзбекистон вилоятлари билан савдо айланмаси бўйича етакчилардан бири эканлигининг яққол далилидир. Масалан, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, ўзаро савдо кўрсаткичлари 114 миллион долларга етган. Шу билан бирга, Татаристон Ўзбекистонга ёқилғи, транспорт воситалари, ёғоч маҳсулотлари, пластмасса ва каучукни экспорт қилади, Ўзбекистондан эса тўқимачилик, трикотаж матолар, пахта, пластмасса ва бошқа товарларни харид қилади.

Суҳбатдошнинг қўшимча қилишича, бугун Татаристоннинг йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва компаниялари Ўзбекистонда ўз фаолиятини ривожлантирмоқда. Масалан, “КАМАЗ” Ўзавтосаноат билан биргаликда ўз маҳсулотлари учун юк ташувчи транспорт воситалари ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Нефть ва газ соҳасида “Татнефть”ни алоҳида эътироф этиш мумкин. Бу компаниянинг республикада бир нечта ёқилғи қуйиш станциялари ва Ўзбекнефтгаз билан бир қатор истиқболли қўшма лойиҳалари мавжуд. Ушбу ишлаб чиқаришларнинг барчаси Ўзбекистон манфаати учун ишлайди, янги иш ўринлари яратади ва аҳоли фаровонлигини оширади.

"Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, иқтисодиётдан ташқари ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари ҳам жадал ривожланмоқда. Масалан, бу борада таълимни кўрсатиш мумкин. Минниханов ташрифи дастурининг асосий бандларидан бири - Қозон Федерал университетининг Жиззах филиали очилиш маросимида иштирок этишдир",- деди дипломат.

Янги таълим даргоҳи бугунги кунда мамлакатда талаб қилинадиган геология, дастурий инжиниринг, иқтисодиёт, машинасозлик, тиббиёт, стоматология, фармацевтика ва биокимё каби йшналишларда бакалавр ва магистрларни тайёрлайди. Биринчи ўқув йилида 330 нафар талабани қабул қилиш режалаштирилган.

Ланчиковнинг қўшимча қилишича, икки мамлакат минтақалари ўртасидаги ишбилармонли ва маданий - гуманитар алоқаларни ривожлантиришга Россия Федерацияси субъектининг ҳозирги пайтда Ўзбекистондаги ягона ваколатхонаси-Тошкентда жойлашган Татаристон ваколатхонаси фаолияти ёрдам беради.

"Ўзаро ҳамкорликнинг айни пайтдаги динамикасини сақлаб қолиш, тўғридан-тўғри мулоқот учун минтақаларимиз интилишларини қўллаб-қувватлаш муҳим деб ҳисоблаймиз. Миннихановнинг ташрифи давомида республика раҳбарияти билан режалаштирилган тадбирлар ва учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги кўп даражали алоқаларни кенгайтиришга қўшимча туртки беришига умид қиламиз", – дея хулоса қилди у.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


USER_ID and USER_SESSION_ID undefined

Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+