Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев ўқувчи ва ўқитувчиларни билимлар куни билан табриклади. Давлатимиз раҳбари болалар ва уларнинг ота-оналарига самимий муваффақиятлар тилаб, мактаб билим, тарбия ва миллатнинг ёруғ келажагини шакллантириш маркази эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида "биринчи қўнғироқ" садолари остида илк бор мактаб остонасига қадам қўяётган 720 мингдан зиёд биринчи синф ўқувчиларига алоҳида тўхталиб ўтди.
"Мактаб - мўъжиза, китоб, устоз билан ўтадиган ҳар бир дарс - бебаҳо хазина. Ўз олдимизга мақсад қўйиб, бор билим ва салоҳиятимизни ишга солиб, астойдил ҳаракат қилсак, кўзлаган марраларга эришиш мумкин", - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиздаги мактаблар қиёфаси шиддат билан ўзгариб, янги Ўзбекистоннинг рамзига айланиб бораётганини таъкидлади. Ривожланган моддий-техник базага эга бўлган замонавий таълим муассасалари болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши, уларнинг ўқиш, ижод, спорт ва ижтимоий ҳаётдаги муваффақиятлари учун шароит яратади.
Президентимиз ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни тобора ортиб бораётганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатимиз ва хориждаги етакчи олий ўқув юртларига юқори балл билан ўқишга кирган битирувчилар ҳаётда муносиб ўрин топиб, мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшаётгани таълим тизимининг самарадорлиги ва мактаблар миллат келажагининг пойдевори эканлигини тасдиқлайди.

Изоҳлар мавжуд емас