Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Қозоғистон 2040 йилгача Марказий Осиё мамлакатлари кооперацияси стратегиясини ишлаб чиққан. У 9 август куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган минтақавий давлат раҳбарларининг олтинчи маслаҳат йиғилишида тақдим этилади. Бу тўғрисида мухбиримиз хабар бермоқда.
Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг минтақа мамлакатлари хавфсизлик кенгашлари котиблари билан учрашуви якунлари бўйича матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Тоқаев Қозоғистон томонидан ишлаб чиқилган "Марказий Осиё – 2040" минтақавий кооперациясини ривожлантириш стратегияси ҳақида айтиб берган. Унинг устувор йўналишлари беш томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақанинг халқаро субъективлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Қозоғистон раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу ҳужжатни Остона саммитида қабул қилиш МО учун концептуал аҳамиятга эга бўлади.
"Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг алоҳида хусусияти XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномада мустаҳкамланган. Бу стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқади. Менимча, Остона саммитининг асосий натижаларидан бири барчамиз учун ушбу тарихий шартномани имзолаш тартибини якунлаш ва унинг кучга кириши бўлиши мумкин. Беш томонлама форматни янада институционал такомиллаштириш долзарб бўлиб қолмоқда", - деди Тоқаев.
Шунингдек, у минтақадаги мамлакатларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш ва уларни бир-биридан ажратишга интилаётган учинчи томон кучларига қарши туришга чақирди.
"Бизнинг мамлакатларимизда ўзаро мақбул ечимларни топа олмайдиган ҳеч қандай масала йўқ ва бўлмаслиги ҳам керак. Ишончим комилки, фақат умумий ҳаракатларнинг синергияси ва ўзаро қўллаб – қувватлаш биродар халқларимизнинг фаровонлигига йўл очиши мумкин", - дея таъкидлади Қозоғистон раҳбари.
Эслатиб ўтамизки, бугун Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тоқаевни туғилган куни билан телефон орқали табриклаб, Қозоғистон президенти ва қардош қозоқ халқига сиҳат-саломатлик, муваффақиятлар, тинчлик ва фаровонлик тилаган.
Изоҳлар мавжуд емас