Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Нурафшон шаҳрида маҳаллалардан бирининг ҳоким ёрдамчиси мансабдор танишлари орқали фуқарони Экология қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг доллар талаб қилган. Айбланувчи пора олаётган вақтида ДХХ ҳамда Департамент ходимлари томонидан қўлга олинган.
Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро мансабдор танишлари орқали уни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармасига ишга жойлаштиришни ваъда қилган. ДХХнинг Тошкент вилояти бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ҳоким ёрдамчиси талаб қилинган пулни танишлари орқали олган вақтда ушланиб, унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Таъкидланишича, қўлга олинган ҳоким ёрдамчиси муқаддам бир неча маротаба судланган бўлиб, қилмишларидан тўғри хулоса чиқармаган.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми "в" банди (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент ва Навоий вилоятларида ҳам давлат хизматчилари томонидан пора олиш билан боғлиқ ҳолатлар фош этилганди. Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида икки нафар мансабдор шахс жиноят устида ушланган.

Изоҳлар мавжуд емас