Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятида 16-ёшли 9-синф ўқувчиси профилактика инспекторига ҳужум қилгани учун қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик. Инспектор оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Можарога оилавий низо сабаб бўлган.
18 февраль куни содир бўлган воқеа тафсилотларига кўра, Қўқон шаҳри "Садоқат" маҳалласида яшовчи фуқаро маҳалла профилактика инспектори, катта лейтенант Жаҳонгир Маҳмудовга мурожаат қилиб, 2010 йилда туғилган ўғлининг хулқида салбий ўзгаришлар борлиги ва оила аъзолари билан жанжаллашаётганини маълум қилган.
Ходим хонадонга етиб бориб, вазиятни ўрганиш ва вояга етмаган шахс билан профилактик суҳбат ўтказиш зарурлигини унинг онасига тушунтирган. Шу вақтда ўсмир кутилмаганда инспекторнинг орқа томонидан келиб, унинг чап бел соҳасига пичоқ билан ҳужум қилган.
Оғир жароҳат олганига қарамай, инспектор ҳужумчини зарарсизлантиришга ва ёрдамчи кучларни чақиришга муваффақ бўлган.
Тиббий хулосага кўра, зарба плевра бўшлиғининг тешиб ўтувчи жароҳатига олиб келган ва гемопневмоторакс билан бирга ички қон кетишига сабаб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми "б" банди (Хизмат вазифасини бажараётган шахсга нисбатан қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас