Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Аброр Мухтор Алийнинг сиёсатшунос Ҳамид Содиқ фаолиятига оид танқидий баёнотлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу чиқишлар натижасида жамоатчилик орасида хавотир уйғониб, диний асосда обрўсизлантириш ва адоват уйғотиш аломатлари кузатилгани сабабли петиция ҳам эълон қилинди.
Петиция муаллифлари таъкидлашича, Аброр Мухтор Алий Ҳамид Содиқ ҳақида ижтимоий тармоқларда "душманлик кайфиятидаги баёнотлар" берган, уни ташқи разведка учун "майдон тайёрлашда" айблаган ва бу фикрларни шахсий қараш сифатида эмас, балки "дин номи" билан асослаб тарқатган. Баъзи чиқишларида эса "қатл қилиниши керак" деган қатъий ибора экстремистик кўринишда талқин қилинмоқда, дейилади петицияда.
Абpор Мухтор Алий ўз чиқишида Ҳамид Содиқнинг бир қатор фикрларини "шариатга мос эмас" деб баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, ижтимоий ва диний жамоанинг бирлиги устувор, шунга зид фикрларни тарқатиш эса "фитна" сифатида қаралиши мумкин. Бироқ Мухтор Алий нутқида бу баёнотни шахсга қаратилган таҳдид сифатида эмас, балки диний манбалардаги умумий қоидалар мисолида келтирганини урғулаган.
Шунингдек, у Ҳамид Содиқ ҳақида гапирар экан, Ғарб сиёсатини Ўзбекистонга киритишда "заказга ишлаётган одам" сифатида баҳолайди. Унинг фикрига кўра, бундай шахсларни билган ҳолда қилса "хоин", билмай қилса "аҳмоқ" деб атайди. Ҳамид Содиқ каби шахслар ақидаси йўқ, Ғарбдаги католик черковига қарши пропагандани секин-аста миллийлаштириб, имомларга қарши қўллайди, деб ҳисоблайди ва уни мусулмонлар орасида "хоин" деб атаган.
Ҳамид Содиқ иштирок этган "Парда" подкасти, ундаги феминистик ёндашувлар ва Azon.uz даги сиёсий мавзуларни ёритиши туфайли юзага келган келишмовчиликлар ҳам эътиборга олинган. Аброр Мухтор Алий ушбу видеолардаги айрим феминистик қарашларни "динга зид" деб баҳолаган ва уларни "ўта муҳим" деб ҳисоблашга қандай ҳуқуқи борлигини савол остига қўйган.
Петицияда қайд этилишича, Ўзбекистон Конституцияси дунёвийлик, фикр эркинлиги ва инсон қадрини ҳимоя қилишни кафолатлайди. Дин номидан фикр эркинлигига босим ўтказиш ёки шахсий қарашлар орқали жамоатчиликда адоват уйғотиш қонунга зид саналади.
Муаллифлар Бош прокуратура, ДХХ ва Ички ишлар вазирлигидан вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш ва Аброр Мухтор Алий чиқишларини экспертизадан ўтказишни сўрамоқда.

Изоҳлар мавжуд емас