Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилояти туман ҳокими ўринбосари 60 сотих ер ажратиш эвазига фуқародан 15 минг доллар пора олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Бу ҳақда Ички Ишлар Вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, айбланувчи мансаб мавқейидан фойдаланиб, туман ҳудудидаги 400 метрлик сув йўлини ёпиқ тизимга ўтказган ва бўшаган ер майдонида саккизта савдо дўкони қуриш учун ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига пул талаб қилган. Тезкор тадбирда у келишилган миқдордаги пулни олаётган пайтда ушланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” ва “в” бандлари ҳамда 28 ва 211-моддаси 2-қисми “б” банди бўйича жиноят ишини қўзғатган, айбланувчи қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент ва Навоий вилоятларида ҳам давлат хизматчилари томонидан пора олиш билан боғлиқ ҳолатлар фош этилганди. Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида икки нафар мансабдор шахс жиноят устида ушланган.

Изоҳлар мавжуд емас