Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Қашқадарё вилоятида такси ҳайдовчиси вояга етмаган қизга ҳужум қилган. Октябрь ойининг кунларидан бирида, дугонаси билан қилган сайрдан кейин таксида уйга қайтаётган қиз зўрланишига сал қолган. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари унинг аризасини қабул қилишдан бош тортишган. Бу ҳақда Nemolchi лойиҳаси хабар бермоқда.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, саёҳат пайтида ҳайдовчи унга шахсий саволлар беришни бошлаган ва белгиланган маршрутдан четга чиқиб, уни шаҳар ташқарисига олиб борган. Унинг қаерга кетаётганини ҳақидаги саволига ҳайдовчи "айлантирмоқчи" эканини билдирган. Кўп ўтмай, у машинани тўхтатган, қизнинг телефонини тортиб олган ва тегажонлик қила бошлаган.
"Мен имкон қадар баланд овозда бақирдим. У ўз ҳаракатларини тўхтатмади ва мен уни итариб юбора бошладим. Бунга жавобан у қаршилик қилмаслигимни талаб қилди", - деди жабрланувчи. Натижада, қизнинг астойдил ёлворишидан сўнг, ҳайдовчи уни шаҳарга қайтаришга рози бўлган.
Қиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига мурожаат қилиб, тажовузкорнинг машинаси рақамини тақдим этган. Бироқ, унинг аризаси қабул қилинмаган.
Nemolchi лойиҳасининг ҳуқуқий ботига мурожаат қилгандан сўнг, жабрланувчи яна ариза беришга уринган, аммо тажовузкор камералар орқали қидирилаётгани айтилиб, қиз уйига жўнатилган. Воқеадан 10 кун ўтган, аммо эркакка тегишли автомобиль давлат рақами ҳақида маълумот мавжудлигига қарамай, у ҳозиргача топилмаган.
Изоҳлар мавжуд емас