Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳайвонларни ўлдириш ва қийноққа солиш мавзулари тобора кўп учрамоқда. Кеча эса мутлақ мудҳиш лавҳалар чоп этилди - бир нечта ёш йигитлар қасддан ит ва мушукларни автомобиллари билан уриб кетишган.
Ҳайвонларни ўлдирадиганлар - маньяклардир
Ҳайвонларнинг уриб кетилгани ҳақидаги видеони чоп этган фелинолог, “Мушуккент” лойиҳасининг волонтёри Раъно Макаренконинг фикрича, бу қилмишлар - жиноят, мушук ва итларни қасддан уриб кетган одамлар эса маньяклардир.
"Бу нормал ҳолат эмас! Бу одамларнинг қилмиши - жиноятдир ва у қонун томонидан кўриб чиқилиши керак! Қасддан ҳайвонларга азоб-уқубат келтирадиган одамлар маньяклардир, улар ўлдиришдан завқ олишади. Албатта, ҳайдовчи айбдор бўлмаган ҳолда ҳайвонларни уриб кетиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Шундай экан, меҳрсиз бўлмайлик ва совуқ асфальтда ўлиши учун ҳайвонларни қолдирмайлик. Биз фарзандларимизни меҳрибон ва инсонпарвар қилиб тарбияламаяпмизми, келинг, инсон бўлайлик", - деди у.
Волонтёрнинг айтишича, воқеа гувоҳи бўлган шахслар ҳайдовчига ҳайвон уриб кетилганини айтишса, у кетиб қолади ёки баҳслашиб, кишиларга таҳдид қилади. Аксарият ҳолларда ҳайдовчилар нима қилиб қўйишганини ҳаттоки англашмайди ҳаи. Уларнинг назарида бу шунчаки ит ёки мушук....
Ҳайвонлар йўл ҳаракати қоидаларидан хабарсиз
Раънонинг сўзларига кўра, болалар масъулиятли ҳайдовчи ва пиёда бўлиш учун мактабгача таълим муассасаларида йўл қоидаларини ўрганишса, қуйруқли жониворлар йўл қоидаларини билишмасада, улар ҳам йўл ҳаракати иштирокчисига айланишади.
"Итлар йўлни кесиб ўтаётганда, диққат билан атрофга қарашади, улар яқинлашаётган объектни кўришади, масофани чамалай олишади, итлар ҳаттоки йўлни белгиланган жой ва светофордан кесиб ўтишади. Бироқ, мушуклар, айниқса мушукчалар итлардан фарқли ўлароқ, ҳаракатланувчи объектларгача бўлган масофани тезда аниқлай олишмайди ва шунинг натижасида йўл-транспорт ҳодисаларининг қурбони бўлади. Албатта, ҳайдовчи кечаси югуриб кетаётган кичик ҳайвонни кўрмаслиги мумкин. Бироқ сўнгги пайтларда одамлар ҳайвонларни қасддан босиб кетиш, уларни машина билан қувлаб бориши, ҳайвонларни хавфдан қочишига йўл қўймаслик учун транспорт ҳаракатини тезлаштириш ҳоллари тез-тез учраб турибди", - дея таъкидлади суҳбатдошимиз.
Балким гап жамиятнинг “носоғломлигидадир?”
“Бу лавҳаларни кўнглибўшлар кўрмагани маъқул. Бу каби шафқатсизликни умуман тушуниб бўлмайди. Бу шунчаки ит ва мушукларни қийнаш эмас, балким жамиятимизнинг ахлоқий ва маънавий носоғломлигидан далолатдир”, - деди Ўзбекистон Миллий гвардияси Қўриқлаш Бош бошқармаси матбуот -хизмати катта инспектори Ирина Сайфутдинова.
Унинг айтишича, бу каби одамлар даставвал ҳайвонларни қийнашса, кейинчалик ҳимоясиз кексалар, болалар ва аёлларни қийнашга ўтишади.
“Нима кутаяпмиз? Жамиятнинг лоқайдлиги ва меҳрсизлиги мавзуси ОАВда муҳокама қилинишини истардим. Зеро, ҳаётимиз гўзаллигини ҳақидаги гаплар бу каби воқеликлардан нақадар йироқ эканлигини кўриб турибмиз”, - деди у.
Ҳайвонларни қийноққа солувчилар жавобгарликка тортилсин!
Даҳшатли лавҳаларни тармоққа жойлаштирган Insider.uz Телеграм-канали муаллифи Александра Иванюженконинг таъкидлашича, ҳайвонларни уриб кетиш билан боғлиқ ҳолатлар бунга гувоҳ бўлган болалар руҳиятига қаттиқ зарба бериши мумкин.
Видеода бир қария ити билан сайр қилмоқда. Бирданига қайсидир аблаҳ атайин ҳайвонни босиб кетади. Александранинг фикрича, бундай ҳайдовчилар ҳайвонларни уриб кетиш учун ҳеч қандай жазо йўқлигини билишади.
“Худди шундай кишилар хотин ва болаларини ўз хонадонларида калтаклашади. Бунга қўл урган эркакларнинг назарида улар кучсиз ва ҳимоясиз инсонларнинг ҳаёти ва соғлигига хўжайинлик қилиши мумкин. Ҳайвонга қўл кўтарган одам бемалол инсонни ҳам пастга уриши аниқ. Шафқатсизликни кечириб бўлмайди”, -деди у.
Барча видеолар ҳайдовчиларга нисбатан қонуний қарорлар қабул қилиш учун ИИББ ва ЙҲҲББга топширилган.
"Улар жарима билан қутулиб қолмасин. Озодликдан маҳрум қилиш, суд қилиш, умрбод машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этиш, умрбод ҳисобда туришни жорий қилиш зарур", - дея таъкидлади Александра Иванюженко.
Бунинг сабаби нимада?
Нима учун Ўзбекистонда айни пайтда истиқомат қилаётган кишилар ҳимоясиз жонзотларга нисбатан ўз муносабатини ўзгартирди? Нега ҳайвонларни қийноққа солиш ёки ўлдириш билан жиноятлар сони ортмоқда? Яқинда кекса аёлни зўрлаш билан боғлиқ мудҳиш ҳодиса юз бергани ҳаммамизни ташвишга солиши зарур.
Кимдир ҳайвонларга нисбатан меҳрли бўлиш ўтмишда қолди, деб ҳисоблайди. Кимдир цивилизациянинг кириб келиши, интернетнинг пайдо бўлганини бунга сабаб деб билиб, зўравонлик, разолат ва ахлоқсизлик айнан шундан келган, деб ҳисобламоқда.
Бироқ атроф-муҳини, жамиятни, сиёсатчиларни, қўшниларни айблаш – энг осон йўл. Шафқатсизликнинг асл сабаби нимада эканлигини аниқлаш мураккаб вазифа...
Масалага писхологиянинг муносабати қандай?
Психологияда қайд этилишича, ҳайвонларни ўлдирган киши келажакда одамлар қотили бўлиши мумкин. У айнан ҳимоясизларни танлайди.
"Ҳайвонларни ўлдираётган кишини мажбурий психиатрик экспертизадан ўтказиш керак. Бундай одамлар одатда ўзи психиатрга мурожаат қилмайди. Бундан ташқари, ҳайвонларни ўлдириш ва ўз жонига қасд қилиш бир занжирнинг ажралмас бўғинлари", - дейди замонавий россиялик психиатр ва криминолог Михаил Виноградов.
Мушукларга динлар муносабати
Исломда мушуклар алоҳида ардоқланади. Муҳаммад (с.а.в)нинг мушукларга қандай ғамхўрлик қилгани ва уларни севганлиги ҳақида кўп ёзилган. Инжилда бу ҳайвонлар оддий уй ҳайвонлари каби йўл-йўлакай эслатиб ўтилади ва уларга алоҳида муносабат билдирилмаган. Лекин илк христианлар қадимги мисрликлар каби мушукларни жуда эъзозлашган.
Ҳиндуизмда ҳам мушукларга алоҳида муносабат мавжуд. Улар одатда маъбуда Девининг ҳамроҳи деб аталган ва унинг анъанавий улови сифатида эътироф қилинган. Яҳудийликда ҳам мушуклар кўп эсланади. Тавротда мушуклар ҳақида айтилмаганига қарамай, Талмудда бу ҳайвонларга эътибор берилган. Шу билан бирга, уларга муносабат турлича тасвирланади. Бир жойда бу ҳайвон оддий уй ҳайвони деб юритилса, бошқасида янги туғилган болалар учун хавфли йиртқич деб аталади. Учинчи манбада эса агар Таврот бўлмаганида, яҳудийлар тозаликни мушуклардан ўрганишлари керак бўларди, деб айтилган.
Изоҳлар мавжуд емас